Илҳом Қурбонов: Серхионинг ишида янгиликлар кўп эди. Хомяковни стратегиямизни билгани учун танладик
“Машъал” жамоаси мавсумга режа бўйича тайёргарлик кўриб келаётган бир пайтда, кутилмаганда, бош мураббий алмашди. Испаниялик Серхио Маринангелига катта ишонч билдирилганди. Бироқ, тўсатдан у уйига қайтишига тўғри келиб қолди. Бу оилавий сабаблар билан боғлиқлиги айтилди. Натижада “Машъал” ўзига яна бош мураббий қидиришга мажбур бўлди. Бу пайтда чемпионат остонасига келиб қолинганди. Клуб ўзи учун қадрдон бўлган Александр Хомяков вариантини маъқул кўрди. Оқибатда, россиялик мутахассис бир ярим йиллик танаффусдан сўнг, яна собиқ клубига қайтди.
Бугун “Машъал” жорий йилдаги илк расмий учрашувини ўтказади. Тошкентда “Бунёдкор”га қарши баҳс жамоа учун жуда муҳим. Шу жумладан, Хомяков учун ҳам. “Машъал” раҳбариятини мураббий ўзгаргани бироз шошириб қўйгани ҳам рост. Ахир боя айтганимиздек, клубнинг барча режалари аслида испаниялик мутахассис билан боғланганди. Тўғри, Хомяков билан ҳам нимадир қилса бўлади, у яхши мураббий. Бироқ Александр Андреевич мавсум бошланишига оз фурсат қолганида келди. Хуллас, вақт етишмаслиги, мураббийга мослашиши ва яна бошқа сабабларни келтириш мумкин.
“Машъал” клубининг бош директори Илҳом Қурбонов испаниялик мураббийнинг кутилмаганда кетиб қолиши юзасидан шундай деди:
- Серхио Маринангели иши бўйича бирор нима айтиш қийин. Чунки 1,5 ой давомида кўп нарса қилиб бўлмайди. Аммо машғулотларида имкон қадар қатнашдим, қизиқарли эди ва кўплаб янгиликлар бор эди.
Энди Хомяковга катта ишонч билдирилмоқда. Ўз навбатида, россиялик мутахассис ҳам қандай вазиятда жамоани қабул қилиб олганини яхши тушуниб турибди. Аслида Серхиондан кейин Дилявер Ваниев натижага жавобгар бўлиши кутилганди. Лекин раҳбарият бошқача йўл тутди. Шу ўринда, Александр Хомяков номзоди танланиши бўйича клуб раҳбари шундай деди:
- Вақтимиз оз эди. Бизга стратегиямизни ва имкониятларимизни биладиган мураббий керак эди. Шу боис ҳам, Хомяковни танладик, - дея бу борада қисқача фикр билдирди, Қурбонов.
Барибир “Машъал”нинг мақсади ўзгаргани йўқ. Клуб энди Хомяков билан кўзланган маррани забт этишга уриниб кўради. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, бунгача Серхионинг услубига мослашаётган жамоа энди Хомяковнинг режасига кўникишига тўғри келади. Бу эса, бирданига рўй берадиган жараён эмас. Бунга ҳам вақт керак. Бугун бўлиб ўтадиган “Бунёдкор”га қарши ўйинда эса “Машъал”нинг қандай ҳолатда эканлигини кўриш мумкин. Илҳом Қурбонов ҳам жамоанинг ҳозирги вазиятини яхши тушуниб турибди.
- Тўғри, вазият оғир. Негаки, бошқа фалсафада иш юритилаётганди. Имкониятлардан чиқиб хатоларни тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Олдимизда жуда оғир йил турибди, кўрамиз нима бўларкин? Жамоамиз билан қандай қилиб бундай вазиятдан чиқиб кета олишимизни ҳам вақт кўрсатади, - деди клуб бош директори.
Фикрлар