Илҳом Юнусов, Дилшод Шарофетдинов ва Акмал Бозоровлар расман футболчилик фаолиятини якунлашди

«Динамо» жамоасининг АГМКга қарши ғалабали учрашуви олдидан стадионда «Динамо»нинг собиқ футболчилари футболчилик фаолиятларини расман якунлашди.

Клуб расмий сайти тарқатган хабарга кўра раҳбарият томонидан ташкил этилган хайрлашув тадбирида Самарқанд футболининг фахрийлари саналмиш - “Динамо” клуби раҳбари Илҳом Шарипов, спорт директори Рустам Истамов ва Самарқанд вилоят футбол академияси директори Учқун Қобилов футболчилик фаолиятини якунлаган Илҳом Юнусов, Дилшод Шарофетдинов, Акмал Бозоровларга анъанамизга кўра, зарбоф чопон кийдиришди. Кўп йиллар давомида Самарқанд футболи равнақи йўлидаги хизматлари учун миннатдорчилик билдиришди. Ўз ўрнида учала футболчи ҳам ўз имзоси туширилган тўпларни стадионга йиғилган мухлисларга совға қилишди.

Қайд этиш лозим, 37 ёшли Илҳом Юнусов фаолияти давомида “Динамо” жамоасидан ташқари “Бухоро”, “Насаф”, “Қизилқум” клублари ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоа сафида тўп суриб, бир неча марта мамлакат чемпионати совриндори, шунингдек ОФК Кубоги соҳибига айланганди. Самарқандлик футболчи Олий Лига тарихида энг кўп ўйин ўтказган “гвардиячи”лардан бири саналади.

34 ёшли Дилшод Шарофетдинов ҳам “Динамо” таркибидан “Пахтакор” сафига қўшилиб, мамлакат чемпиони бўлиш билан бирга Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида тўп сурди, Малайзия, Индонезия клублари сафида муваффақиятли ўйинлар намойиш этди.

33 ёшли Акмал Бозоров эса 13 йиллик профессионал фаолиятини айнан “Динамо” клубига бағишлади. Ҳимоя ва яримҳимоя чизиғида тўп сурган Бозоров ўз вақтида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси сафида тўп сурганди.

Ушбу футболчилар фаолиятини якунлаган бўлса-да, Самарқанд футболида энди мураббий сифатида қадам қўйишмоқда. Хусусан, Илҳом Юнусов энди Самарқанд вилоят футбол академиясида ўз тажрибасини болалар билан ўртоқлашса, Дилшод Шарофетдинов ва Акмал Бозоровлар “Динамо” ёшлар жамоасида янги ёш футболчиларни кашф этишга бел боғлашган. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!