Илёс Қурбонов "Металлург"ни вақтинчалик бошқариб боради

Черногориялик мутахассислар истеъфо бергач  “Металлург” футбол клубини кейинги баҳсларга катта мураббий Илёс Қурбонов тайёрлайдиган бўлди. Клуб раҳбарияти жамоага ким бош мураббий бўлиши борасида тез орада бир тўхтамга келади.

Илёс Қурбонов Тошкент вилояти футболи тарбияланувчиси саналади. Футболчи сифатида профессионал фаолиятини Ангреннинг “Семурғ” жамоасида бошлаган. Кейинчалик олий лиганинг “Бухоро”, “Насаф”, “Динамо”, “Металлург” жамоаларида тўп сурди. Футболчилик фаолиятини Жиззахнинг “Сўғдиёна” футбол клубида якунлади.

Илёс Қурбонов Ўзбекистон чемпионатида 320 та учрашувда майдонга чиққан ва рақиблари дарвозасига 72 та тўп киритган. Ўзбекистон терма жамоасига чақирилган ва битта ўйинда майдонга тушган.

2015 йилдан мураббийлик соҳасига ўтган Илёс Қурбонов қадрдон клуби – “Металлург”да турли лавозимларда ишлаб келмоқда. Аввалига ёшлар жамоасида мураббий, бош мураббий вазифаларида фаолият олиб борган Илёс Қурбонов 2023 йилдан клубнинг асосий таркибида катта мураббий сифатида фаолият олиб бормоқда.
 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!