Индонезия "Олимпиада-2032" учун даъвогар
Президент Жоко Видодо Вазирлар Маҳкамасига таклифларни мувофиқлаштириш қўмитасини шакллантириш ва мамлакат салоҳиятини тарғиб қилиш юзасидан батафсил режа ишлаб чиқиш тўғрисида кўрсатма берди.
ХОҚ томонидан сайловолди ташвиқоти ҳали расман эълон қилингани йўқ. Ташкилот потенциал номзодлардан ҳужжатларни фақат 2023 йилда қабул қилишни бошлайди, аммо ўйинлар мезбонлигига даъвогарлар етарли. Ёз ойида қатарликлар ўз қизиқишларини билдиришган эди. Яқин Шарқдаги ҳамкасбларининг фаол ҳаракати Индонезия Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Ражу Сапта Октохарини қатъий чоралар кўришга ундади. У ХОҚқа ёзма баёнот бериб, мамлакат расмийларидан Жакарта номзодини илгари суришда қўллаб-қувватлашини сўради.
Маълум бўлишича, ушбу мурожаат эътиборсиз қолмаган кўринади. Индонезия Президенти Жоко Видодо ҳукумат аъзоларини ХОҚга топшириладиган аризани муҳокама қилиш учун йиғди.
– Мамлакатимиз 2018 йилги Осиё ўйинларига муваффақиятли мезбонлик қилди. Бу Индонезиянинг дунё миқёсида халқаро спорт тадбирларини ўтказиш учун муносиб жой эканлигига ишончни оширади, – деди Жоко Видодо.
Jakarta Post хабарига кўра, давлат раҳбари бюджет ва концепцияни батафсил ўрганиш билан шуғулланадиган, шунингдек, барча керакли тадқиқотларни олиб борадиган ариза комиссиясини тузишга буйруқ берган. Унинг асосий вазифаси Индонезия номзодини рақибларига нисбатан ижобий устунлигини аниқлаб олишдир.
Икки йил муқаддам Осиё ўйинлари мамлакатнинг бир нечта шаҳарларида бўлиб ўтган эди, аммо пойтахт Жакарта мусобақанинг асосий масъулиятини зиммасига олгани маълум. Индонезия МОҚ президенти Ража Сапта Октохари Олимпия ўйинлари мезбонлигига фақат Жакартани киритиш кераклигини таъкидламоқда. Шу билан бирга, муқобил концепция ҳам мавжуд. У ҳам бўлса, спорт анжуманини давлатнинг амалдаги пойтахти ва Шарқий Калимантан вилоятида барпо этилаётган янги пойтахт ўртасида тақсимлаш.
Эслатиб ўтамиз, Индонезия ва Қатардан ташқари, Aвстралиянинг Квинсленд штати ҳам 2032 йилги ўйинларга даъвогарлик қилмоқда. Бироқ, пандемия боис Яшил қитъа вакиллари ариза бериш жараёнини тўхтатиб туришга қарор қилишди. Шимолий Рейн-Вестфалия минтақасининг 13 шаҳрида мусобақалар ўтказишни истаган Германия ушбу лойиҳага жиддий қизиқиш билдирмоқда. Шу пайтгача индивидуал баёнотлар билан чекланиб келаётган Туркия ҳам пойгага қўшилиши мумкин.
Фикрлар