"Интер Майами" илк бор МЛСнинг энг қиммат клубига айланди

"Интер Майами" тарихида илк марта МЛСнинг энг қиммат клуби деб топилди. "Sportico" нашри эълон қилган ҳисоботга кўра, Лионель Месси тўп сураётган клубнинг умумий қиймати 1,45 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Маълум қилинишича, "Майами" ўз қийматини 22 фоизга ошириб, сўнгги тўрт йил давомида рейтингда биринчи ўринни эгаллаб келган "Лос-Анжелес"ни (1,4 млрд доллар) ортда қолдирди.

Ҳисоботда таъкидланишича, ҳозирда МЛСда бешта клуб қиймати 1 миллиард доллардан ошган. Илк бешликдан шунингдек "Лос-Анжелес Гэлакси" (1,17 млрд доллар), Алексей Миранчук тўп сураётган "Атланта" (1,14 млрд доллар) ва "Нью-Йорк Сити" (1,12 млрд доллар) ўрин олган.

МЛСдаги 30 та клубнинг ўртача қиймати 767 миллион долларга тенг бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 6 фоизга, "Sportico" томонидан 2021 йилда берилган илк баҳога нисбатан эса 39 фоизга юқори. Ҳисоботга кўра, МЛС клубларининг умумий қиймати 23 миллиард долларга етган.

Шу билан бирга, ўсишга қарамасдан, МЛС клублари ҳали ҳам НФЛ, НБА, МЛБ ва НХЛ жамоалари қиймати билан солиштирганда анча ортда қолмоқда.

Барча бешта лига орасида "Интер Майами" 154 та жамоа ичида 116-ўринни эгаллади. Рейтинг пешқадамлари сифатида "Даллас Ковбойс" (НФЛ, 12,8 млрд доллар), "Голден Стэйт" (НБА, 11,33 млрд доллар) ва "Лос-Анжелес Рэмс" (НФЛ, 10,43 млрд доллар) қайд этилган.

МЛСнинг 2026 йилги мунтазам мавсуми 21 февраль куни "Лос-Анжелес" ва "Интер Майами" ўртасидаги ўйин билан старт олади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!