Интрига кескин ортиб кетди, энди "Насаф"га кубок керак эмасми? "Навбаҳор" қайси йўлни танлайди? "Сўғдиёна" ва АГМК эплай олармикан?
Эртага Ўзбекистон Кубогида биринчи ярим финал учрашуви бўлиб ўтади. Унда "Насаф" Қаршида АГМКни меҳмон қилади. Иккинчи қарама-қаршилик Наманганда, "Навбаҳор" ҳамда "Сўғдиёна" жамоалари ўртасида ўтказилади.
Кўпчилик эътибор бермади, аммо футболимизда содир бўлган сўнгги воқеалар кубок мавқеини кескин тарзда ошириб юборди. Қандай қилиб, дейсизми? Яқин дақиқалар ичида шу ҳақда фикр юритамиз.
"Сўғдиёна"нинг қоқилишлари
"ОФК Кубогини ютиш - Суперлигада чемпион бўлишдан осонроқ", дегандим. Ҳалиям фикримда қоламан, жиззахликлар куч етмагани учун эмас, хато тактика ортидан ярим финалда мағлуб бўлди. Ҳозир ички чемпионатимизда чемпион бўламан, деб жиддий ният қилган 3 та клубнинг ҳар учаласи Осиёнинг иккинчи турнирида зафар қучиш учун етарли потенциалга эга эди. Афсус, якунда ўзбек жамоалари яна халқаро майдонда бош совринсиз қолмоқда...
Ўз навбатида, ОФК Кубогидан чиқиб кетган Бақоев шогирдлари энди бор эътиборини Ўзбекистон Кубогига қаратиши аниқ. Нега? Чунки кубок ғолибига келаси мавсум Осиё Чемпионлар лигасида қатнашиш имконияти тақдим этилади. Айни пайтда ички чемпионатда 5-ўринда бораётган "бўрилар" кўпроқ эътиборни битта фронтда қаратиши мантиқан бўларди. Бошқачасига ҳар икки турнирни ҳеч вақосиз тугатиб, йил сўнгида мураббийга чиқиш эшиклари кўрсатилиши ҳеч гап эмас.
"Навбаҳор"нинг барқарор эмаслиги
Чемпионлик учун кураш олиб бораётган икки жамоанинг ўзаро ўйини, янги мураббий қўл остига ўтганига кўп бўлмаган, ёш футболчилардан иборат ўртамиёна рақиб, барчаси ўз қўлида эканини яхши ҳис қилиб турган савияли футболчилар - Бабаянга 20-турда жуда зўр "шанс" тақдим этилганди. Аммо наманганликлар кераксиз жойда "Бунёдкор"дан мағлуб бўлиб, ўз имкониятларини пасайтириб юборди. "Лочинлар"ни олдинда "водий дербиси", "Олимпик" ва АГМК каби кучли жамоаларга қарши беллашувлар кутиб турганини инобатга олсак, чемпионлик учун "до конца" курашиш осон бўлмаслиги аниқ.
Мозийга қайтиб бироз ўйлаб кўрилса, клуб олдига қўйилган вазифа ОЧЛ йўлланмаси эканини эслаймиз. Демак, мақсадга яқинроқ ва осонроқ йўл билан ҳам етиб олиш мумкин экан. Бундан вазиятда ақлли Бабаян нега ўзини қийнаши керак? Боз устига, кубок ярим финали Наманганда ўтказилади. Бу "лочинлар" учун қўшимча мотивация дегани. Барчаси футболчиларнинг ўз қўлида.
"Насаф"нинг азалий орзуси
"Аждарлар" ўз тарихида илк бор чемпионлик мазасини татиб кўриши мумкин. Тасаввур қиляпсизми? Бу Клопп бошқарувидаги "Ливерпуль"нинг 30 йилдан сўнг АПЛ ғолиби бўлганидан ҳам яхшироқ бўлади. Бунинг учун қаршиликлар Суперлиганинг навбатдаги 5 учрашувида ғалаба қозонса кифоя. Яқин йиллар ичида бундай қулай имконият юзага келганмиди ўзи?
Мана шу нарса Ўзбекистон Кубогида интриганинг кескин ортишига сабаб бўлди. Чунки энди "Насаф"га кўпроқ чемпионат қизиқ, аввал ҳам шундай эди. Аммо ҳозиргисичалик эмас! Балки Бердиев олтин дублга ҳаракат қилиб кўрар, лекин бу таваккал якунда жуда катта муваффақиятсизликка олиб келиши эҳтимоли катта. Ҳаттоки "Реал" ҳам ЕЧЛ учун кўп марта Ла Лига ва Испания Кубогини қурбон қилган. Менимча, кубок ярим финалида тўхташ чемпионлик фонида билинмай ҳам кетади.
АГМКнинг сўнгги нажоти
Миржалол Қосимов яхши шароитда ишлашга ўрганган, кўп ҳолларда унга сўраганлари муҳайё қилинган. Ва табиийки, охирида бунинг сўрови ҳам қаттиқ бўлади. Демоқчиманки, легионерлар жалб этиб, ўзи учун қулай таркибни шакллантириб олган мутахассис мавсумни қандайдир ютуқ билан якунлашга мажбур! Суперлига олтин медалларини Олмалиқнинг энг ашаддий мухлислари ҳам умид қилмай қўйгани аниқ. Ягона йўл, сўнгги нажот, охирги умид - АГМК учун кубокни яна қандай номлаш ҳам мумкин?!
Тақдирнинг чеварлигини қарангки, бу йўлда олмалиқликларга Ўзбекистон Кубогини энг кам ўйлаётган "Насаф" рақиблик қилади. Қосимов ақлли мураббий. У якунда раҳбариятга мақтана олиши мумкин бўлган нарсага шунчаки иккита ўйинни ютиб эришиш мумкинлигини жуда яхши билади.
P/S: Блог шунчаки Ўзбекистон Кубогида фавқулодда юзага келган интрига ҳақида эди. Ярим финалчиларнинг имкониятлари, фаворитлар ва бевосита ўйин ҳақида яна ғойибона фикр алмашамиз.
Жавоҳир Азимов
Фикрлар