Ишсиз қолиб кетган мураббийлар

Айни дамда, бир нечта топ-даражадаги мураббийлар ишсиз қолиб кетмоқда. Улардан айримлари ўзи учун яхши таклиф келишини кутаётган бўлса, қолганлари бироз муддат ўзига келиб олиш мақсадида пауза олган. Бугун айни дамда янги таклифларни кутаётган мураббийлар ҳақида фикр юритамиз.

егч1

Томас Тухель

2020 йилнинг охирги кунларида Томасга Париж жамоаси чиқиш эшикларини кўрсатиб юборди. Ваҳоланки, бунга қадар немис мутахассиси ёмон мавсум ўтказмаган эди. Афсуски, жамоанинг етакчи футболчилари билан келиб чиққан можаролар Тухелнинг эрта ишдан кетишига сабаб бўлди.

Клубни Европа Чемпионлар Лигасининг финалига қадар етаклаб борган мураббий энди ишсиз қолиб кетди. «Bild» нашрининг маълум қилишича, айни дамда мутахассис анча оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган. Шу боис, бироз муддат Германияда оиласи даврасида бўлмоқчи. Катта эҳтимол билан, ишга келаси мавсум стартида қайтишни режалаштирмоқда.

егч2

Массимо Каррера

Италиялик мураббий Россиянинг «Спартак»  жамоасини чемпионликка етаклагани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Афсуски, Массимо Москва клубида узоқ қолмади. Қаҳрамонимизнинг сўнгги клуби Грециянинг АЕК жамоаси бўлиб турган эди, бироқ мураббийни яна истеъфога чиқаришди.

Ваҳоланки, ўтган мавсумда Каррера АЕК билан ижобий натижалар қайд этди. Ички чемпионатда бронза медаль. Кубок баҳсларида унинг шогирдлари ярим финалга қадар етиб келишни уддалади. Афсуски, жорий мавсумда Карреранинг ўйин схемаси иш бермай қолди. Клуб мухлислари италиялик мураббийга қарши баннерлар кўтаришни бошлади. Оқибатда, клуб Массимони ишдан олишга мажбур бўлди.

Айни дамда, мутахассис оиласи билан Италияда. Унга Осиё клубларидан таклифлар мавжуд, бироқ қаҳрамонимиз бироз муддат сабр қилмоқчи. У ўз кучини А Серияда синаб кўришни режалаштирмоқда.

 егч13

Люсьен Фавр – «Боруссия» Дортмунд

Декабрь ойининг ўрталарида Дортмунд клуби «Штутгарт»дан (1:5) аламли мағлубият қабул қилиб олди. Оқибатда, мураббийга чиқиш эшиклари кўрсатилди. 63 ёшли мутахассис ҳеч қандай жанжалларсиз постни топширди.

Фавр «Боруссия» билан ўтган мавсум ЕЧЛда жуда ишончли тўп сурди. Чемпионатда кучли учликка кирди ва 2018 йилда Германия Суперкубогида зафар қучди. Шунга қарамай, немис клуби олдига каттароқ мақсад қўйган мураббийга эҳтиёж сезди, шекилли…

Бугунги кунда Фаврга бир нечта француз клублари қизиқиб қолган. Шунингдек, айрим терма жамоалар ҳам Фаврга шартнома таклиф қилмоқда. Мураббий эса, ҳозирча бирорта таклифни кўриб чиққани йўқ.

егч111

Кике Сетьен – «Барселона»

Эрнесто клубни тарк этгач, зудлик билан «Барселона» «Бетис» бош мураббийи – Кике Сетьенни жамоага жалб этди. Тўғриси, бу таваккал қарор ўзини оқлаши даргумон эди, аммо Бартомеу клубда яна бир йил қолиш мақсадида кутилмаган ишга қўл урди.

Кутилганидек, грандлар билан ишлашда тажрибасизлик Кикега панд берди. Унинг қўл остида «Барселона» чемпионликни қўлдан чиқарди. Мавсумни бирорта совринсиз якунлади. Энг ачинарлиси эса, «Бавария»дан 8 та гол ўтказиб юборди.

Мураббий истеъфога чиққач, анча муддат медиаоламда кўриниш бергани йўқ. Унинг аҳволи билан қизиққан Висенте Дель Боске, испан нашрлари илтимосига кўра, каттагина интервью ташкиллаштирди. Ушбу суҳбатда, Кике ўз одатига содиқ қолган ҳолда камтарин фикрлари билан ўртоқлашди.

«Мен ҳали-бери футболга қайтмоқчи эмасман. Уйда ўзимни яхши ҳис этмайман. Денгиз бўйида, ўзим севган сигирлар парвариши билан бандман. Мен ҳеч қачон футболдан нолимайман. Сабаби, 40 йил шу спорт ичида бўлдим. Ҳаётда эришган барча ютуқларим учун футболдан миннатдорман!»

егч5

Маурицио Сарри – «Ювентус»

Турин клуби «Челси» билан айтарли ҳеч нарсага эриша олмаган Саррини ишга таклиф этди. Аввалига, янгича услубдаги футбол «Юве»га ноқулайлик туғдирди. Тинимсиз пасларга таянган жамоада Роналду ва Дибала кўринмай қолди.

Мураббийнинг тактикага берилиб кетиши, кутилганидек, яхши натижаларни олиб келмади. Тўғри, «Юве» Скудеттони қўлга киритди, аммо ЕЧЛдаги омадсизликни мухлислар кечира олмади. «Лион» икки учрашув натижасига кўра, «Ювентус»ни Туринда мағлуб этгани мухлисларнинг ғазабини қўзғатиб юборди. 61 ёшли мураббий анчадан бери ўзи учун янги клуб излаш билан банд. Бундан бир неча ой аввал, уни «Наполи»га қайтиши ҳақида сўзлашган эди. Аммо Неаполь клуби Гаттузога ишонч билдиришга қарор қилди. Ҳозирда, Сарри ўз ғояларини янада такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда.

егч6

Эрнесто Вальверде - “Барселона”

Каталония клубининг молиявий ва руҳий оғир ҳолатга тушиб қолишига асосий сабаб – бир мавсум ичида икки бор мураббийни алмаштиргани бўлди десак, адашмаган бўламиз.

«Чумоли» Каталония клуби сафида ёмон ишламади. Чемпионликни қўлга киритди. Кубокда зафар қучди. Афсуски, Европа Чемпионлар Лигасида ҳар сафар нимадир етмай қолаверди. Айниқса, ўзининг сўнгги мавсумида Вальверде «Энфилд»да тарсаки қабул қилиб олди. Кейин, кубок баҳсининг ярим финалида «Атлетико» «Барса»ни мағлуб этди.

Ачинарлиси шундаки, клуб Эрнестога охиригача имкон бергани йўқ. Раҳбарият Евро-аренадаги натижалардан умид қилди, катта трансферларни амалга оширди, бироқ натижа келавермагач, Вальвердени ишдан олди. Айнан унинг кетиши, клубнинг ичидан емирилишини тезлаштириб юборди.

Ҳозирда, мураббий футболга яна қайтиш борасида ўйламоқда. Яқинда Москванинг «Спартак» жамоаси томонидан берилган таклифни қаҳрамонимиз рад этди. У ўз мураббийлик келажаги борасида ҳали якуний қарорга келганича йўқ.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)