Ислом Аҳмедов: "Бизга ҳар бир учрашув тажриба бўляпти"

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

“Андижон” – “Насаф” (1:1) беллашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Ислом Аҳмедов саволларга жавоб қайтарди.

- Хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, барибир “Насаф” Ўзбекистонни энг яхши жамоаларидан бири. Уларда бир-икки футболчи йўқ бўлса ҳам, юриб келаётган механизм бор. Ўйинчиларининг йўқлиги у қадар сезилмади ҳам. Ўйинни қийин ўтишини билардик. Лекин Худога шукр, футболчиларимиз яхши ҳаракат қилишди. Айниқса, биринчи бўлимни 30-дақиқасигача ажойиб ўйин кўрсатишди. Шундан кейин бироз рақибни орқароқда кутиб олдик. Шуни ҳисобига ва оралиқ масофаларни каттайиб кетгани ҳисобига ташаббусни бироз бериб қўйдик. Иккинчи тайм бошини ҳам шунақа ўтказганимиз эвазига гол ўтказиб юбордик. Умумий олганда, ёмон эмас. Кўп ҳужумлар қилдик, йигитлар яхши ҳаракат қилишди. Ўйинни кўриб, таҳлил қилиб чиқамиз. Хатолар устида ишлаймиз. Бизга ҳар бир учрашув тажриба бўляпти.

- Захирадан майдонга тушаётган футболчилар аввалги ўйинларда фаол иштирок этишаётганди. Бу сафар бироз сустроқ бўлгандек. Бу толиқиш билан боғлиқми ёки бошқа сабаби борми?

- Балки шунақадир. Ўйинни кўриб чиққандан кейин таҳлил қилиб чиқамиз. Бироқ уларни ҳам ёмон ўйнади, деб айта олмаймиз. Сабаби, захирадан майдонга тушган футболчиларимиз аксинча ўйинни кучайтиришди. Улар ўйинга қўшилгач, кўпроқ ҳужумлар қилдик. Вазиятларимиз кўп бўлди. Ёмон ўйнашгани йўқ. Кўнглимиз тўлди, қониқдик.

- Жамоани ғалаба қозона олмаганига нима етишмади, деб ўйлайсиз?

- Қаердадир омад етишмади. Сабаби, кўп ҳужум қилдик, аммо голга айлантира олмадик. Агар ҳеч қанақа ҳужум қилмаганимизда камчиликларимиз борлиги ҳақида айтишимиз мумкин эди. Ҳужумлар қилдик, тўпни назорат қилдик ва якуний зарбани беришда уларни дарвозабони ҳам яхши ҳаракат қилди, омад ҳам келмади ва тўп дарвозага кирмади.

- Таркибда ротациялар кўп бўляпти. Бу ҳолатга нима дея оласиз?

- Иложи борича ички рақобатни кучайтиряпмиз. Ўйин учун охирги кунгача барча футболчиларни кўряпмиз ва якунда ким тайёр бўлса ўшаларни майдонга туширяпмиз. Рақибга қараб ўйин услубимизни ҳам ўзгартираётган пайтлар бўляпти ва шунда ўз-ўзидан бошқа футболчилар ҳам тушяпти.

- Сўнгги турда сафарда “Хавоканд”га қарши ўйнайсизлар. Ушбу ўйинда ёшларга ҳам имконият берасизми? Масалан, Хамидулло Каримов ва шунга ўхшаш...

- Худо хоҳласа, қўлдан келганича имконият берамиз. Шунчаки, енгил қараш керак эмас. Рақибни ҳурмат қилган ҳолда ёшларимизга ҳам имконият беришга ҳаракат қиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!