Ислом Исмоилов: "Назорат ўйинлари биз учун муҳим камчиликларни очиб берди"

"Нефтчи" янги мавсумга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 3 январдан 17 февралгача Туркиянинг Анталя шаҳрида ўқув машғулот йиғинларини ўтказиб, 18 февралда Тошкентга қайтиб келди.

Энди янги мавсумга тайёргарлик ишларини бугундан бошлаб Фарғонада давом эттиради. Туркиядаги йиғинлар қандай ўтганлиги ва бу йиғинларда раҳбарият томонидан олиб борилган ишлар ҳақида клуб матбуот хизмати жамоа бош мураббийи Исломбек Исмоиловга қатор саволлар билан мурожаат этди. Қуйида ана шу савол жавоблар билан танишасиз.

- Туркиянинг Анталия шаҳрида якунига етган ўқув машғулот йиғинлари бўйича гапириб берсангиз. 

- Туркиядаги йиғинлар жуда фойдали ўтди. Асосий мақсад жамоани янги мавсумга жисмонан ва тактик жиҳатдан тайёрлаш эди. Барча режалаштирилган машғулотлар тўлиқ бажарилди. Иқлим ва шароит ҳам бизни қониқтирди. Энг муҳими, футболчилар йиғин давомида фақат ишга эътибор қаратишди, интизом ва хоҳиш юқори даражада бўлди. 

- Футболчиларнинг жисмоний ҳолати ва тайёргарлиги бўйича режалар бажарилдими? 

- Ҳа, режалар деярли тўлиқ бажарилди. Йиғинлар бошида белгиланган юкламалар босқичма-босқич оширилди. Кейин эса ўйин ритмига мослаштирилди. Ҳозир жамоа керакли функционал ҳолатга яқинлашди. Энди асосий вазифа мавсум давомида шу ҳолатни сақлаб қолиш. 

- Йиғинлар доирасида бир нечта ўртоқлик-назорат учрашувлари ўтказилди. Ушбу ўйинлар орқали асосий таркибга номзодлар аниқлаб олиндими?

- Назорат ўйинлари биз учун муҳим камчиликларимизни очиб берди. Айрим позицияларда рақобат кучайди. Айрим футболчилар ўзини яхши томондан кўрсатди. Асосий таркибнинг 80-90 фоизи шаклланди, қолган позициялар бўйича эса ҳали рақобат давом этади. 

- Жамоа янги тактик кўрсатмаларни қай даражада ўзлаштирди? 

- Албатта, бир йиғинда барчасини мукаммал ўзлаштириб бўлмайди. Лекин футболчилар ғояни тушуниб етди, бу энг муҳими. Ҳужумдан ҳимояга ва ҳимоядан ҳужумга ўтиш тезлиги анча яхшиланди. Энди расмий ўйинлар орқали буни янада мустаҳкамлаймиз. 

- Биринчи тур олдидан режалар қандай?

- Биринчи турга максимал тайёр ҳолатда киришни мақсад қилганмиз. Асосий эътибор ўйин интизоми ва хатоларни камайтириш. Бизнинг вазифа натижа билан бирга барқарор ва ҳужумкор ўйинни намойиш этиш. 

- Жамоа ичидаги муҳит ҳақида... 

- Муҳит яхши. Ёшлар ва тажрибали футболчилар ўртасида мувозанат бор. Бир-бирини қўллаб-қувватлаш кучайган, рақобат эса соғлом. Бу эса жамоа ривожланиши учун энг муҳим омиллардан бири. 

- Умумий қилиб айтганда, Туркиядаги йиғинлардан кўнглингиз тўлдими? 

- Ҳа, умумий ҳисобда йиғиндан қониқдик. Албатта, ҳал қилиниши керак бўлган жиҳатлар бор, лекин бу табиий жараён. Энг муҳими, жамоа янги ғояларни тушунди ва мавсумни бошлашга тайёр ҳолатга келди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!