Ислом Исоқжонов: Чемпионлик учун курашяпмиз ва олдимизда ҳали жиддий йўл турибди
“Навбаҳор” клуби Coca-Cola Суперлиганинг 6-турида Бекободда “Металлург”га қарши майдонга тушди ва муросасиз кечган баҳсда меҳмонлар ишончли ғалабани қўлга киритишди.
Ушбу ғалабада эса наманганликларнинг иқтидорли ўйинчиларидан бири – Ислом Исоқжоновнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. У “Металлург”га қарши баҳсда “Навбаҳор”нинг фаол ўйин кўрсатган футболчилари қаторидан жой олди.
Баҳс якунига етгач, Исоқжонов Sports.uz мухбирига ғалаба ниманинг эвазига қўлга киритилгани ҳақида гапирди.
- Биз бир оила ва бир жамоа бўлиб ҳаракат қилдик. Муҳими, ўйиндан-ўйинга ўсишга эришяпмиз. Албатта, рақибни ҳам жиддий ўрганиб чиққандик. Натижада бугунги учрашувда “Металлург”нинг кучли томонларини кучсизлантиришга эришдик. Қолаверса, нохуш анъанани ҳам буздик. Эшитишимча, Бекободдаги охирги 10 та ўйинда “Навбаҳор” ғалаба қозона олмаган экан. Ушбу қора анъанага чек қўйдик. Бугунги ғалабамизни бизни уйда қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимизга бағишлаймиз.
Эътиборлиси, Исоқжонов ўтган йили айнан “Металлург” шарафини ҳимоя қилганди. Энди бўлса, “Навбаҳор”да тўп суриб, унинг ғалабаларига ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шу ўринда Ислом собиқ жамоаси ҳақида ҳам фикрини қуйидагича билдирди.
- Тўғриси, бу баҳсга ҳам ҳар бир учрашувга тайёрлангандек муносабатда бўлдик. Албатта, собиқ жамоадошларимга қарши ўйнаш бироз қийин бўлди. Чунки бу клубда катта ўсишга эришгандим. Мазкур ўйинда ҳар бир чизиқда уларга етарлича қаршилик кўрсатдик ва устунликка эришдик. Лекин шуни айтишим мумкинки, бугун собиқ жамоадошларим ва яқинларимни кўрганимдан хурсандман. Кейинги учрашувларда “Металлург”га омад тилайман.
“Навбаҳор”нинг кучли ўйин кўрсатиши ўз навбатида чемпионатимиздаги рақобатнинг ортишига ҳам туртки беради. Ислом Исоқжонов эса клубининг олдига қўйилган аниқ мақсад ва вазифалар хусусида ҳам тўхталди.
- Олдимизга узоқ кутилган чемпионлик ҳамда Осиё Чемпионлар лигасига йўлланмани қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Шу боисдан олдимизда жуда жиддий йўл турибди. Шуни яхши тушунган ҳолда жамоадошларимиз билан бор кучимизни ишга солиб ҳаракат қиляпмиз. Ҳар бир ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Қолаверса, бизнинг бўшашишга ҳаққимиз ҳам йўқ. Мураббийларимизнинг кўрсатмаларини имкон қадар бажаришга ҳаракат қиляпмиз.
Жамоа бош мураббийи Андрей Канчельскис имкон қадар “Навбаҳор”ни ғалабалар сари етаклаб боришга ҳаракат қилмоқда. Унинг ўзбек мураббийларидан фарқли томони нимада? Бу ҳақида Исоқжонов ўз фикрини шундай баён этди:
- Канчельскиснинг иш услуби ўзгача, у Европа футболини жамоамизга сингдиришга ҳаракат қилмоқда ва бунинг учун жамоага бор кучини бермоқда. Қолаверса, унга ёрдам бераётганларнинг олиб бораётган ишлари ҳам таҳсинга сазовор. Энг муҳими, Канчельскис биз билан ака-укадек, ишга келганда эса жуда қаттиққўл ва талабчан ҳисобланади. Ҳар бир мутахассиснинг иш услуби бўлади. Ўзбек мураббийларининг ҳам ишига юқори баҳо берган бўлардим.
Фикрлар