Ислом Маматказин: "Ҳисобни 3:3 бўлиши хаёлимга ҳам келмаганди"

“Андижон” клубининг иқтидорли ҳимоячиларидан бири Ислом Маматказин чемпионатнинг сўнгги турида “Навбаҳор” дарвозасига гол уришга муваффақ бўлди. Якунда эса 3:3 ҳисоби билан тугаганини яхши биласиз. Ислом Маматказин эса клуб матбуот хизматига интервью берди.

- Бу сафар ҳам Навбаҳорга қарши ўйин драматик тарзда кечди. Ўйин ҳақида нима дея оласиз?

- Бу йил “Навбаҳор”га қарши ўтказган ҳар бир учрашувларимиз шиддатли ўтди. Ўйин қизғин тарзда кечди, дейишим мумкин.

-  3:3 билан якун топишини хаёлингизга келтирганмидингиз?

- Ҳисобни 3:3 бўлиши хаёлимга ҳам келмаганди. Биз майдонга фақат ғалаба учун тушгандик. “Навбаҳор”ни ўз майдонда ютиб келиш ниятимиз бор эди. Яхши ўйин бўлди.

- Сиз Кубок финалида ҳам гол ургансиз ва чемпионатда ҳам яна “Навбаҳор” дарвозасига гол урдингиз. Бу сизни олдингизга қўйган мақсадингизмиди? Яъни, кутганмидингиз?

- Тўғри айтасиз, Кубок фииналида ҳам “Навбаҳор” дарвозасига гол урдим. Чемпионатда ҳам наманганликларга гол уришга эришдим. Билмадим, менимча, бу тасодиф шекилли. Аввало, бизни биринчи вазифамиз муносиб ҳимояланиш. Дарвозамиз дахлсизлигини таъминлашимиз жуда муҳим. Ҳар бир учрашувда ҳужумга ўтганимизда стандартлардан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилдик.

- “Андижон” ғалабага жуда яқин эди. Охирги сонияларда нима етишмади, деб ўйлайсиз?

- Охирги сонияларда бироз мувозанат етишмади, деб ўйлайман. Балки сўнгги сониялар ўтиб бораётгани учун ютдик, деган хаёлга берилган бўлишимиз ҳам мумкин. Афсуски, охирида гол ўтказиб юбордик.

- Умуман олганда, ўйин ҳаммага ёқди. Кубок финалини эслатдими, сизга ёки...

- Тўғри, шиддатли, зўр кечди. Бизга ҳам ёқди. Мана шундай учрашувлар қанча кўп бўлса, бизга ҳам яхши бўлади. Охирги тур бўлишига қарамасдан мухлисларга ёқадиган беллашув бўлди.

- Бир сўз билан айтганда, мавсум қандай таассурот қолдирди?

- Мавсум омадли келди. “Андижон” жамоамизни ташкил топганига 60 йил тўлган бўлса, мана шундай юбилейида Кубокни қўлга киритиши ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Бу бизга насиб қилган экан. Шунинг учун мавсумни омадли кечди, деб ўйлайман.

- Ушбу мавсумда 20 та ўйинда 4 та гол урдингиз ва 1 та голли пасни амалга оширдингиз. Бундай натижа ҳимоячи сифатида сизни қандай потенциалга эга эканингизни кўрсатиб турибди. Ушбу кўрсаткич сизни ҳам қониқтирадими?

- Ҳа, ҳимоячи бўлишимга қарамай, бир нечта голлар уришга муваффақ бўлдим. Аммо бу мени қониқтирмади. Чунки бу билан тўхтаб қолмаслик керак. Биз янада кўпроғини хоҳлагандик. Майли, Худони айтгани. Келаси йили бундан ҳам яхшироқ натижа кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!