Ислом Тўхтахўжаев: "Кўпроқ натижа ҳақида ўйладик"
Кеча “Қизилқум” ҳам мавсумни ғалаба билан бошлаб олди. Ўз уйида “Андижон”ни қабул қилиб, ягона гол эвазига уч очкони қўлга киритишди.
Бу йил навоийликлар сафига айрим тажрибали ўйинчилар қўшилди. Ислом Тўхтахўжаевнинг “Қизилқум”га таклиф қилингани шубҳасиз жамоа ўйинини кучайтиришига туртки бўлади. Масалан, “Андижон”га қарши баҳсда мезбонлар ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолдилар. Бунда Тўхтахўжаевнинг ҳам ҳиссаси бўлди.
Гарчи майдон сифати қониқарли даражада бўлмаса-да, бу “Қизилқум”нинг ғалабасига халақит қилмади. Ислом Тўхтахўжаев sports.uz сайтига ўйин, майдон ҳолати ва клубга қўшилгани ҳақида шундай деди:
- Дастлабки ўйин доим қийин бўлади. Шунинг учун кўпроқ натижа ҳақида ўйладик. Майдон ҳолатини Хитойдагиси билан солиштирадиган бўлсам, у ерда бир ой ичида битта майдонда 15 та ўйин бўлганди, адашмасам. Бу ерда энди биринчи учрашув бўлди. Лекин майдон текис эди.
Хитойдаги жамоам кутилмаганда банкрот болиб қолди. Бу ерда эса вақт оз қолганди. Ҳамиджон ака Актамов билан жуда тез келишдик ва “Қизилқум”га ёрдам беришга қарор қилдим. Мақсадларимиз албатта жиддий.
Фикрлар