Италиялик мураббий муҳим ўйин олдидан Шомуродовни мақтади
А Сериянинг 28-турида “Специя” ўз майдонида “Салернитана” футболчиларини қабул қилади. 2 апрель куни бўладиган ўйин олдидан лигурияликлар бўлажак рақибдан уч очкога ортда қолмоқда. Юқори дивизиондаги жойини сақлаш учун курашаётган мезбонлар ғалаба қозонган тақдирда очколар ҳисобида “Салернитана”га етиб олади ва ўзини бироз хавфсиз сезиши мумкин.
“Специя”ни қабул қилиб олганидан кейин жамоада ижобий ўзгаришлар қила олган италиялик мураббий Леонардо Семпличи ўйин олдидан жамоасининг имкониятлари ва бир қатор футболчилар ҳақида фикр билдирди.
Жамоа ҳақида
Яхши янгиликлар бир талай. Кўп ўйинчиларимиз машғулотларни ўтказиб юборди. Бу миллий терма жамоалар чақируви билан боғлиқ бўлгани учун бизни хурсанд қилади. Бу ҳолат менинг фаолиятимга ҳам, клубга ҳам ижобий таъсир қилади.
Биз футболчиларимизнинг халқаро майдондаги иштирокидан мамнунмиз. Бу ерда қолганлар билан яхшига шуғулландик. “Монако”га қарши ўртоқлик учрашувда ўйинчиларга ўз ғояларимни сингдиришга ҳаракат қилдим. Кам ўйнаётганларни синовдан ўтказиб олиш имкониятига эга бўлдик.
Шомуродов ҳақида
Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида жуда яхши иштирок этди, гол урганидан жуда хурсанд бўлдим. Элдор ўйинни кучайтира оладиган футболчи, биз унга энг яхши шароитларни яратиб беришимиз керак.
Шомуродов терма жамоадан етиб келганидан кейин машғулотда жуда яхши ишади. Олдинда унинг тайёргарлиги ва ҳолатини яхшилаш учун яна машғулот бор. Биз бўлажак ўйинга энг яхши ҳолатдаги 11 нафар футболчини қўйишимиз керак.
Босим ҳақида
Клубга келганимдан бери мухлислар билан масофани янада яқинлаштиришга, бирдамликни йўлга қўйишга катта эътибор қаратяпман. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ва ҳиссаси биз учун жуда муҳим аҳамиятга эга.
“Верона” билан баҳсда бироз босимни ҳис қилдик. Лекин бунинг ҳам ижобий томонлари бор. Бундан кейин ўйинларда ҳам жамоа рақибни қийин аҳволга солиб қўйиш учун қўлидан келганини кўрсатиши талаб этилади.
Кроллис ҳақида
Раймондс Кроллис келажак учун яхши сармоя. Мена у ҳақида айтиб беришди. Январда тайёргарликсиз келган ва дарров ўйинга туширилган. У тайёр бўлмаган. У атроф-муҳит, жамоадагилар билан танишяпти, тил ўрганяпти, жисмоний кўрсаткичларини оширишга уриняпти. Бизга ёрдам берадиган даражада салоҳияти бор.
Рақиб ҳақида
“Салернитана” ўзини кўрсатиб келаётган жамоа. Бош мураббий ўзгариши билан стратегия ва менталитет ҳам янгиланди. Уларнинг салоҳияти кучли, лекин менинг шогирдларимда ҳам ғолиблик менталитети шаклланиб бормоқда. “Салернитана” билан рақобатга тайёрмиз. Ҳар қандай кутилмаган ҳолатларга тайёр туришимиз керак. Чемпионат якуни биз учун муваффақиятли бўлишига аминман. Шунинг баробарида кўрсатадиган натижаларимиз ҳам шунга яраша бўлиши лозим.
Таъкидлаш жоизки, “Салернитана”га қарши ўйин олдидан “Специя” таркибида жиддий йўқотиш бор. Жамоанинг асосий тўпурари Мбала Нзола огоҳлантиришлар сони кўпайиб кетгани боис, битта учрашувга дисквалификация қилинган. Бундан ташқари, 26 ёшли футболчи Ангола терма жамоаси ихтиёридан чарчаган ҳолда қайтиб келди.
Олдинги чизиқ вакилларидан Даниэле Мальдини эса мушакларида оғриқ сезмоқда ва кейинги машғулотларда қатнашмади. Ёш ҳужумчи учрашувга жалб қилинмаслик эҳтимоли катта.
Ҳозир Леонардо Семпличи ихтиёрида фақат биргина марказий ҳужумчи – Элдор Шомуродов бор. Яна бир марказий ҳужумчи Раймондс Кроллис эса ҳали муҳим учрашувда бошланғич таркибда ўйнайдиган даражада етгани йўқ.
“Альберто Пикко” аренаси мезбонлик қиладиган “Специя” – “Салернитана” баҳси 2 апрель куни Тошкент вақти билан 18:00 да бошланади.
Шомуродов – бешинчи!
Шомуродов ва А Серияда рўза тутаётган юлдузлар
Фикрлар