Шомуродов ва А Серияда рўза тутаётган юлдузлар
ФИФА кунлари якунланиб, ўз миллий терма жамоалари ўқув-машғулот йиғинлари ва халқаро учрашувларга жалб этилган футболчилар клубларига қайтиб борди.
“Специя” вакилларидан ўн нафардан зиёд футболчи турли терма жамоаларга жалб этилган эди. Улар орасида Элдор Шомуродов Сречко Катанец таклифига кўра, Саудия Арабистонида ташкил этилган йиғинда иштирок этди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғин доирасида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказиб, Элдор Шомуродов гол урган баҳсда Боливияни 1:0 ҳисобида таслим қилди. Венесуэлага қарши иккинчи беллашувда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилди.
Энди “Специя”ни 2 апрель куни А Серия доирасида “Салернитана”га қарши ўйин кутмоқда. Италия матбуоти Рамазон ойи муносабати билан рўза тутаётган мусулмон футболчилар борлигини инобатга олиш лозимлигини ёзмоқда.
“Специя” фаолиятини ёртиб бораётган https://www.calciospezia.it сайти журналисти Мануэль Арена жамоа бош мураббийи Леонардо Семпличи бўлажак ўйинга тайёргарлик жараёнида Элдор Шомуродовнинг рўза тутаётганини инобатга олишга чақирди.
- Ислом динига эътиқод қилаётганлар бир ой давомида Рамазон ойи рўзасини тутишади. Бу гал Рамазон 21 апрелга қадар давом этади. А Серияда рўза тутаётган футболчилар кўп. Улар орасида “бургутлар” вакили Элдор Шомуродов ҳам бор. Кун бўйича таомланмаслик ва сув ичмаслик, машғулотлар ва ўйинларда футболчиларни қийнаб қўйиши мумкин. Леонардо Семпличи бу ҳолатни тўғри баҳолаши керак, - деб ёзди Мануэль Арена.
Бўлажак рақиб – “Салернитана” ҳақида ёзадиган https://www.calciosalernitana.it сайти ҳам бу масалага тўхталди.
- Ўз миллий терма жамоаларидан қайтиб келган малилик етакчи ярим ҳимоячи Лассана Кулибали ва жамоанинг сенегаллик тўпурари Булайе Диа Рамазон рўзасини тутяпти. Рўза мусулмонлар учун динининг беш устунидан бири. Улар эрта тонгдан кечгача таом ва сувдан ўзини тияди. Бош мураббий Паулу Соузу 22 апрелга қадар буни инобатга олиши керак, - деб ёзмоқда мазкур сайт.
Италия матбуотининг ёзишича, “Специя” ва “Салернитана” футболчиларидан ташқари А Сериянинг яна бир неча юлдузлари ҳам рўза тутишни канда қилаётгани йўқ.
А Серияда биринчи ўринда бораётган “Наполи” вакилларидан камерунлик Андре Замбо-Ангисса, жазоирлик Карим Зедадка ва македониялик Эльиф Эльмас, “Интер” ўйинчиларидан туркиялик Ҳакан Чалханўғли ва босниялик Эден Жеко, “Милан”нинг жазоирлик ярим ҳимоячиси Исмоил Беннасер, “Аталанта”нинг туркиялик ҳимоячиси Мерих Демирэл, “Болонья”нинг гамбиялик ҳужумчиси Муса Барроу, “Фиорентина”нинг марокашлик ярим ҳимоячиси Суфён Амрабат каби яна бир неча футболчилар ҳам рўза тутмоқда.
Ўзбекистон билан ўйнаш қизиқ эмас, ахир!
Легионеримиз энди испаниялик мураббий билан ишлайди!
Фикрлар