Италиялик мутахассис Шомуродовга қайси жамоага ўтишни маслаҳат берди!

Россия футболи билан яхши таниш бўлган мутахассис, “Спартак” жамоасининг яқин ўтмишдаги собиқ бош мураббийи Массимо Каррера “Рома”дан кетиш арафасида турган Элдор Шомуродовга А Серияда қайси жамоа  мос эканини айтди.

massimo-karrera_1540199628986630826

- Тўғрисини айтсам, ўтган мавсумда Элдорнинг ўйинларини кам кўрдим. Менимча, Шомуродовга “Сассуоло” жамоаси кўпроқ мос тушади. Чунки бу жамоа ёрқин ҳужумкор футбол намойиш қилади. Ҳужумчига ана шундай жамоада ўзини кўрсатиш анча осон. “Сассуоло” эса ҳозирги пайтда яхши тўпурарга муҳтож, - деди Массимо Каррера.

Маълумки, ўзбекистонлик футболчига Италиядан “Монца”, “Сассуоло”, “Болонья”, Англиядан “Вулверхэмптон” ва “Саудия Арабистонидан “Ал-Ҳилол” жиддий қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқатилмоқда.

Массимо Каррера Шомуродовга тавсия қилган “Сассуоло” ўтган мавсумни 50 очко билан 11-поғонада якунлади. Бу жамоа янги чемпионатда Еврокубокларга йўлланма берадиган ўринлар учун курашишни мақсад қилган. Шу боис, мураббийлар штаби маҳоратли ҳужумчи қидиряпти.

Элдор Шомуродов ўтган мавсумни асосан захирада ўтказди. Ўзи иштирок этган учрашувлар сони қириқтани ташкил қилган бўлса-да, кўпинча бир неча дақиқа ўйин билан кифояланди холос. Шунга қарамай, ҳужумчимиз ўзи иштирок этган барча турнирлар – А Серия, Италия кубоги ва Конференциялар лигасида рақиблар дарвозасини ишғол қилишга эришди.

Шомуродов мавсумни бешта гол ва олтита ассист билан якунлади. 27 ёшли футболчининг фаолияти давомида клублар миқёсида урган голлари сони 45 тани, ассистлари 27 тани ташкил қилди. Элдор бу кўрсаткичларни жами 221 та ўйинда қайд этди.

Шунингдек, Элдор Шомуродов ҳисобида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 56 та учрашув ва 30 та гол бор.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ганишер
05/08/2022 12:34
Мен хам шу фикрдаман, Элдор Шомуродов Сассуолага утиши керак,