ITKF каратэ-до бўйича Ўзбекистон кубоги бўлиб ўтди
5-6 декабрь кунлари Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг спорт залида Ўзбекистон ITKF каратэ-до федерацияси томонидан ташкил этилган ўсмир ва ёшлар ўртасида Ўзбекистон кубоги турнири бўлиб ўтди.
Ушбу мусобақага бўлган қизиқиш жуда юқори бўлди. Айниқса, рамзий маънодаги 5 ёшли қизалоқлар ўртасидаги баҳслар жуда қизғин кечди. Очилиш маросими ҳам юқори савияда ташкил қилинганлиги спортчиларда катта таасcурот қолдирди.
“Расман федерация сифатида иш бошлаганимизга кўп бўлмади. Ундан аввал, Республика анъанавий каратэни ривожлантириш маркази сифатида фаолият юритгандик. Янада аниқроқ айтсак, 2020 йил 24 июнда федерация мақомини олдик. Шундан кейинги илк катта мусобақамиз ушбу Ўзбекистон кубоги бўлди. Тўғри, бироз камчиликлар бўлди. Иш бор жойда камчилик бўлади дейишадику… Навбатдаги мусобақаларимиз янада чиройли ва ташкилотчилик савияси ҳам юқори бўлади, деган умиддаман ва бунга ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз юртимизда ушбу яккакураш турини оммавийлигини ошириш баробарида юртимиз шаънини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилишдир”, - дейди Ўзбекистон ITKF каратэ-до федерацияси раҳбари Шуҳратжон Кушмуратов.
Мазкур мусобақага мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 200 нафарга яқин спортчи ташриф буюрди ва ғолиблик учун кураш олиб бордилар. Ката, кумитэ ва Эн-Бу йўналишларида ўтказилган беллашувлар жуда қизиқарли кўриниш олди. Якунда ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирландилар.
Фикрлар