Иван Бошкович: Бу жамоа билан натижа кўрсатса бўлади

Суперлига 5-тури доирасида ўз майдонида “Металлург”га қарши ўйинда дуранг қайд этган “Сўғдиёна” клуби бош мураббийи Иван Бошкович бундай ўйинларда темпни ушлаш қийин экани, тезда мукаммалликка эришиш қийинлигини таъидлаб, таркиб ва Сердеров ҳақида фикр билдирди.

“Бугун мухлисларга ёқадиган ўйин бўлди, дейиш мумкин. Муросасиз учрашув ва тўртта гол кўрдик. Биринчи таймдаги ўйинимиз менга ёқди. Беллашувни назорат қилдик ва бўлим охирида гол урдик. Иккинчи таймда эса, рақиб мураббийи бироз тактикани ўзгартирди. Улар иккита гол киритгач, қийин аҳволга тушдик. Темпга киришиб кета олмадик. Биринчи таймдаги ўйинимизни келгуси учрашувларда ҳам намойиш этишни истаймиз. Тезда мукамалликка эришиш қийин. Бу борада ҳали ишлаймиз”, - деди Бошкович.

“Умуман олганда, жамоа ўйинидан қониқдим. Ўтган уч тўрт кун давомида қилган ишимиздан мамнунман. Бу жамоа билан натижа кўрсатса бўлади. Таркиб ёмон эмас. Индивидуал кучли футболчилар бор. Келгусида улар билан ишлаш муаммо туғдирмайди, деб умид қиламан. Сердеровнинг кейинги беллашувларда майдонга тушиши унинг ўзига боғлиқ. Унинг ҳолати ва тайёргарлиги қандай даражада эканлигини билишимиз керак. Фақат шундан кейингина қарор қабул қилишимиз мумкин”.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!