Иван Бошкович: "Ғалаба қозониш учун юракда "олов ёниб" туриши керак"

“Сўғдиёна” – “Андижон” (1:1) ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Иван Бошкович қатнашди.

"Ўйлайманки, ўйин жуда қизиқарли бўлди. Мен ўйлагандек давом этди, йигитлар ҳам яхши ҳаракат қилишди. 35-дақиқагача ўйин кўнглимдагидек кечди. 35-дақиқадан сўнг ўйин тизгинини қўлдан чиқардик. Бир қатор хатоликларга йўл қўйдик. Қанотларда ҳам баъзи вазиятларда ўйинимиз ўхшамади. Рақиб ҳам ўз ўрнида яхши ўйин кўрсатганини айтишим лозим.

Танаффусда йигитларга ҳаммасини тушунтиргандим. Хотиржамликка берилмаслик кераклигини таъкидлагандим. Афсуски, айрим ҳолатларда беэътибор бўлиб қолганимиз сабабли дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Тўғри, рақибимиз ҳам яхши ҳаракат қилди. Улар ҳам курашишмоқда. “Андижон” учун ҳозирги вазиятда очко жуда муҳим эди. Шу боис рақиб аъзолари характер кўрсатишди ва кўзланган режасига эришишди.

Ғалаба қозониш учун юракда “олов ёниб” туриш керак. Ғалабани жуда ҳам хоҳлаш керак. Мен бу гапим билан ғалабани истамадик, демоқчи эмасман. Футболчилар буни хоҳлашди. Йигитлар имкониятларни яратишди. Бироқ ҳал қилувчи вазиятларда аниқлик етишмади. “Андижон”нинг ўйинини ҳам тўғри баҳолаш керак. Улар ҳам бир қатор вазиятларда хавфли ўйин кўрсатишди. Айниқса, қарши ҳужумларда ажойиб ўйин намойиш қилишди. Ҳаттоки, рақибимиз охирги дақиқаларда ғалаба қозониб кетиши ҳам мумкин эди.

Биз ёмон ўйнадик, деб айта олмайман. Афсуски, 1:0 дан кейин ўйинни бироз “ташлаб” юборган ҳолатларимиз ҳам бўлди. Бундай қилиш керак эмас. Футболни 90 дақиқа юқори темпда ўйнаш керак. Ўйин тугади, кейинги учрашувларга тайёргарлик кўрамиз. Ҳар бир баҳсда натижа учун охиригача курашиш муҳим. Ўйлайманки, бундай болаларча хатоларга йўл қўймаслигимиз даркор. Ғалаба қозонаётган пайтда бўшашмаслик шарт".

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!