Иван Бошкович: "Сабр қилдик ва мақсадимизга эришдик"
Cоcа-Cоlа Суперлига 17-туридан ўрин олган “Сўғдиёна” – “Навбаҳор” (2:1) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Иван Бошкович ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Биз учрашувга яхши тайёргарлик кўрган эдик. Рақиб чемпионлик учун курашаётган кучли жамоа эди. 30-дақиқадан сўнг ўзгаришларни амалга ошириб, наманганликлар иккита ҳужумчи билан ҳаракат қилишди. Тўпни иккинчи қаватдаги курашларга кўчирдик ва мувозанатни тикладик. Биз пас орқали чиқиб кетиб, вазият яратишга интилдик. Сабр қилдик ва мақсадимизга эришдик.
Дориев гол киритганидан хурсандман. Бу гол унинг учун муҳим эди. У энди майдонда янада ишонч билан тўп тепади. Афсуски, иккита сариқ карточка олиб, майдонни тарк этди. Муҳими, натижага эришдик. 4 кундан сўнг яна бир учрашув бор. Ўша баҳсга тайёргарлик кўрамиз.
Бугун стадионга кўплаб мухлислар ташриф буюрди. Кейинги уй учрашувимиз “Пахтакор”га қарши ўтади. Умид қиламанки, мухлислар яхши ўйин ва ижобий натижалар гувоҳи бўлишади.
Биз ушбу беллашувга 15 кун тайёргарлик кўрдик. Улар узоқ масофа босиб, ОЧЛда ўйнашди. Бу ҳам таъсир ўтказди. Аммо, ўйлашимча, биз ғалабага лойиқ ҳаракат қилдик”, – деди Бошкович.
Фикрлар