Иван Йосович: Ўзбеклар меҳмондўст, бу ерда узоқроқ қолишимга ишонаман
Яқинда сайтимиз орқали чемпионатимиздаги легионерлар ҳақида мақола чоп этгандик. Жами 47 нафар хорижлик футболчилар орасида илк бор Суперлигамизда тўп сураётган легионерлар ҳам бор, албатта. Шундай экан, уларнинг ҳаммалари ҳам мухлисларимиз учун таниш эмас. Бунинг учун эса биз уларни сиз ўқувчиларга яқиндан таништириб боришимиз мақсадга мувофиқдир. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, жорий мавсумда чемпионатимизда илк бор тўп сураётган хорижлик ўйинчилардан бири “Қўқон-1912” шарафини ҳимоя қилаётган сербиялик Иван Йосович бизнинг бугунги “нишонимиз”га айланди.
Аввало шуни таъкидлаш жоизки, янги мавсумда қўқонликлар таркибида уч нафар легионер рўйхатдан ўтди. Булар – сербиялик Иван Йосович билан Филип Райевац ҳамда Кот-дИвуардан Якуба Бамба. Мухлислар Райевацни яхши билишади. Чунки у бунгача “Қўқон-1912” ҳамда “Бунёдкор”да фаолият олиб борган. Якуба Бамба эса яқинда дастлабки интервьюсини берди ва ҳар ҳолда у ҳақида ҳам ўқувчиларда оз бўлса-да маълумотлар йўқ эмас. Йосович эса ҳозиргача матбуотда чиқиш қилгани йўқ. Аммо унинг бунгача ўтказган ўйинлари мухлисларда яхши таассурот қолдирди дейиш мумкин.
- Менинг агентим “Қўқон-1912” вариантини таклиф қилди. Жамоа бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов эса менга ишонди, натижада ўз жамоасига жалб қилди, - дея Қўқонга қай тариқа келганини эслади, Йосович.
Шунингдек, Иваннинг бунга қадар ўтказган фаолияти қандай кечган? Бу ҳам мухлислар учун ўзига яраша қизиқ, шундай эмасми? Ҳар ҳолда севимли жамоасида тўп сураётган легионерларнинг олдинги фаолиятини ҳам билишга қизиқишади. Йосович эса бу борадаги хотираларини эслар экан, шундай деди:
- Илгари мен асосан Сербияда, серб Суперлигасида тўп сурганман. Айтишим мумкинки, салкам 200 га яқин учрашувларда майдонга тушганман. Шунингдек, Сербия U-21 терма жамоасида ҳам бир қанча ўйинларда иштирок этганман. Бундан ташқари, Украинанинг “Спаль” ҳамда Чехиянинг “Сигма” каби жамоаларида қисқа фурсат ўйнаганман.
Хабарингиз бор, Суперлигамизда яна бир қатор сербиялик футболчилар ҳам тўп суришмоқда. Табиийки, улар бир-бирларини танишлари ва ораларида ўзаро дўст тутинганлари ҳам бор. Ўз навбатида “Қўқон-1912”нинг сербиялик футболчиси ҳам чемпионатимизда ўйнаётган ҳамюртлари орасида дўстлари борлигини таъкидлади.
- Мен “Сурхон”да тўп сураётган Ҳусниддин Ғофуровни жуда яхши биламан. У ўз вақтида Сербия чемпионатида тўп сурган. Шунингдек, АГМКда ўйнаётган Йован Жокич, “Сўғдиёна”даги Марко Колакович, жамоадошим Филип Райевац, умуман барчаси менинг дўстларим. Чунки бу дўстларимни 10 йил ва ундан ҳам ортиқроқ вақтдан бери яхши танийман. Шу билан бирга Ўзбекистон чемпионатида тўп сураётган яна бошқа серб футболчиларини ҳам биламан.
Охирги бор 15 март куни чемпионатимизда расмий ўйин ўтказилганди. Мана, шундан бери карантин туфайли Суперлига баҳслари ҳам номаълум муддатга қолдирилган. Бундай пайтда эса футболчилар уйда қолган ҳолда индивидуал тарзда ўз устиларида ишлашаётгани ҳақида ўқиб, эшитиб турибмиз. Иван эса бундай пайтда нима билан банд бўлаётганини айтди.
- Албатта, футбол ҳамда машғулотлар етишмаётганидан зерикяпман. Ўзбек ҳукуматининг тамойилларига риоя қилган ҳолда индивидуал тарзда шуғулланяпман. Шунингдек, бўш вақтларимда сериал томоша қиляпман. Умид қиламанки, карантин жуда тез ўтиб кетади ва биз машғулотларимизга яна қайтамиз.
Унинг юртимизга илк бор келгани ва чемпионатимизда дебют мавсумини ўтказаётгани сабабли Йосовичнинг янги мамлакатга, янги клубга ва янги менталитетга мослашишига ҳам вақт керак бўлади. Хўш, у бундай жараёнларни қандай ўтказмоқда? Бунгача Европада ўйнаган ўйинчи сифатида бу ерда қандай фарқларни кўрмоқда? Сербиялик легионер шу ва яна бошқа масалаларда ҳам ўз фикрларини қуйидагича билдирди.
- Бу ерда футбол Европадагидан анча фарқ қилади. Албатта, бу осон эмас ва кўникма ҳосил қилиш учун вақт керак. Аммо “Қўқон-1912”даги шарт-шароитларга яхши мослашиб олдим деб ҳисоблайман. Менталитетга келсак, бу ерлик инсонлар жуда самимий ва яхши, меҳрибон. Шу пайтгача менда бирор-бир муаммо юзага келмади. Асосийси, ўзбеклар жуда меҳмондўст.
Чемпионатда ҳам жуда яхши старт олдик. Лекин биринчиликнинг пандемия туфайли тўхтатиб қолингани афсусланарли бўлди. Ҳозир биз мусобақа жадвалида учинчи ўринни эгаллаб турибмиз. Жамоага, мураббийга, клубдаги барча инсонларга ишонаман. Асосийси, Қўқондаги муҳит аъло даражада. Ўйинчилар ҳам яхши. Ўйлайманки, чемпионатни юқори ўринда бемалол якунлай оламиз.
Эътиборлиси, “Қўқон-1912” ўйинларини яхши ўтказиб, голлар уриш борасида ҳам самарадорлик кўрсатмоқда. Шахсан ўзимга келсак, бу ерда ўзимнинг энг яхши сифатларимни кўрсатишни истайман. Яна шуни қўшимча қилишим керакки, Ўзбекистонда бундан кейин ҳам узоқроқ қолишга ҳаракат қиламан ва бунга ишонаман, - дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди, Иван Йосович.
Фикрлар