Жаъфар Ирисметов: "Бу терма жамоамиз узоққа боради"

Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоамиз Теҳронда Эронга қарши ЖЧ-2026 2-саралаш босқичининг охирги тур доирасида майдонга тушганидан хабарингиз бор.

0:0 ҳисобида якунланган ўйин борасида ўзига яраша фикр ва мулоҳазалар билдирилмоқда.

Жумладан, ўзбек футболининг собиқ юлдузларидан бири Жаъфар Ирисметов терма жамоамизнинг Эронга қарши учрашуви ҳақида фикр билдирди.

“Ўруновда имконият бор эди”

"Ўйин жуда яхши ва қизиқарли ўтди. 0:0 бўлишига қарамасдан бизникилар биринчи ва иккинчи тайм бошларида тўпни назорат қилишни хоҳладилар ва буни уддасидан чиқдилар. Биринчи хавфли вазиятни содир этдик. Остон Ўруновда имконият бор эди. Иккинчи бўлимнинг тахминан 10 дақиқачасида тўпни назорат қилдик. Кейин улар ташаббусни ўз қўлига олишни бошлашди. Шунинг эвазига эронликларда вазиятлар бироз кўпроқ бўлди".

“Иккала жамоани ҳам ютқазгиси келмади”

"Ўйин қандай даражада кечди? Яхши савияда ўтди. 0:0 бўлишига қарамасдан жамоалар яхши ўйин намойиш этишди. Иккала жамоани ҳам ютқазгиси келмади. Эрондан кучлироқ ўйин кутгандим. Бизникиларни қарши ҳужумда ўйнамоқчилиги кўриниб турганди. 5-4-1 тактикада тушишди, деб ўйлайман. Ўртада тўпни олиб тезкорлик билан қарши ҳужумга чиқишни хоҳлашди. Қайсидир маънода уддасидан чиқишди".

“Жамоамиз муносиб ўйнади”

"Эрон билан иккала учрашувда дуранг ўйнадик. Эрон футболи бироз тепароқда, бўлса керак. Аммо ҳозирги кунда бизнинг терма жамоамиз эронликлардан умуман қолишгани йўқ. Ўйлайманки, жамоамиз муносиб ўйнади. Олдин Эрон майдонида бундай хотиржамлик билан ўйнаш қийин иш эди. Энди йигитлар бемалол тўп суришяпти. Терма жамоамиз мисолида жуда яхши жамоа шаклланган. Олдимизга қўйилган мақсадни бажара оламиз. Жаҳон чемпионатига чиқадиган жамоа шаклланяпти. Худо хоҳласа, Ўзбекистонни мундиалда кўрамиз. Таркибимиз зўр. Ёшлар билан тажрибали футболчилар ўртасида баланс бор. Файзуллаев, Хусанов, Холматовга ўхшаган ажойиб ёшларимиз қўшилган. Бу терма жамоамиз узоққа боради. Охирги йиллардаги кучли терма жамоаларимиздан биттаси".

“Эрон 1-ўринни сақлаб қолиш учун ўйнади”

"Албатта, ғалабани истагандик. Катанец тўғри тактика танлади. Эрон 1-ўринни сақлаб қолиш учун ўйнади. Агар қўшиш керак бўлганида менимча ўйинини кучайтирарди. Улар пешқадамликда қолиш учун у қадар таваккалликка берилмади. Ютса ютди, бўлмаса дуранг ҳам уларни қониқтирарди. Эрон катта куч сарфлади, деб айта олмайман. Дуранг иккала жамоа учун яхши бўлди, деб ҳисоблайман. Айтганимдек, футболчиларимиз яхши ўйин кўрсатишди. “Озоди”да қўрқмасдан, бемалол ҳаракат қилдилар. Бунинг учун раҳмат. Кейинги босқичда омад тилаб қоламиз. Жаҳон чемпионатига чиқсак, ҳаммада ушалмаган орзулар ушалади – мухлисларда, футболчиларда, раҳбариятда ҳам".  

Шуҳратбек Жўраев. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!