Жаъфар Ирисметов: "Бундай рақибларга қарши баҳсларда қандай камчиликларимиз борлигини ҳам текшириб оламиз"

ФИФА кунлари муносабати билан миллий терма жамоамиз Тошкентда ташкил этилаётган норасмий мини турнир доирасида Фабио Каннаваро бошчилигидаги футболчиларимиз илк ўйинни Габон термасига қарши ўтказиб 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Иккинчи учрашув 30 март куни Венесуэлага қарши бўлиб ўтади. Тажрибали мутахассислардан бири Жаъфар Ирисметов эса терма жамоамиз мавзусида Sports.uz учун интервью берди.

- Жаъфар ака, терма жамоаларимиз доим ҳам Африка ёки Лотин Америкасидаги рақибларга қарши ўйнамайди. Энди эса бизда шундай имконият бор. Бу борада фикрингиз қандай?

- Тўғри айтасиз, ҳар доим ҳам бунақа жамоаларга қарши ўйнайвермаймиз. Илгари Уругвайга қарши ўйнаганимиз эсимда. Бундай учрашувлар бизга жуда яхши бўляпти. Жаҳон чемпионатида турли хил рақиблар дуч келади. Шу боис терма жамоамиз учун керакли ўртоқлик ўйинлари бўлиб ўтяпти. Хадеб Осиё вакилларига қарши ўйнамасдан Жанубий Америка ва Африка қитъасидан бўлган рақиблар билан ўйнаётганимиз ҳам яхши бўляпти. Мухлислар учун ҳам қизиқарли.

- Габонга қарши баҳс турли таассуротларга сабаб бўлди ва мутахассис сифатида илк ўйинга қарашларингиз қандай бўлди?

- Тўғрисини айтсам, бу учрашувни кўра олмадим. Нимагаки, бизда машғулот пайти бўлиб қолганди. Ҳисобни боришига қараганда, габонликлар жиддий қаршилик кўрсатишди, деб ўйлайман. Голларни кўрдим. Габонни осонликча ютамиз, деб ўйлагандик. Бошида гол ўтказдик, кейин камбек қилиб, ғалаба қозондик ва мухлисларни хурсанд қилишди. Венесуэла билан бўладиган беллашувни кўриб, хулоса чиқарамиз.

- Венесуэлага қарши ўйин янада қийин бўлади деб ўйлайсизми ёки терма жамоамиз илк учрашувдан тўғри хулоса чиқариб бошқача ўйин кўрсатадими?

- Албатта, Венесуэлага қарши қийин ўйин бўлади. Биринчи учрашувда адашмасам улар 4:1 ҳисобида ютишди. Осон бўлмайди. Венесуэла Лотин Америкасидан. Ҳар доим жисмонан ва техник жиҳатдан тайёр футболчилар бўлади. Биринчи баҳсдан хулоса чиқариб, ўйин бошидан бўшашмасдан ўйнашади, деб ўйлайман. Мураббийлар қандай тактика танлашни ўзлари билишади. Бизга ҳам, мухлисларга ҳам жуда қизиқ бўлади. Бундай рақибларга қарши баҳсларда қандай камчиликларимиз борлигини ҳам текшириб оламиз. Венесуэла топ жамоалар сарасига кирмаса ҳам барибир бизга жиддий қаршилик кўрсатади, деб ўйлайман.

- Ушбу ўйинлар учун чақирилган таркиб борасида нима дейсиз ёки муносиб бўлган ва чақирилмай қолиб кетган ўйинчилардан кимдир четда қолгани сизни ҳайрон қолдирдими?

- Олдин айтганимдек, фикримча терма жамоага ўртадаги футболчилардан кўп чақирилган. Қанот ярим ҳимоячиларимиз учта. Шу боис назаримда қандайдир янги номлар ҳам чақирилса бўларди, деб ўйлайман. Масалан, Аброр Исмоиловни чақирса бўларди. Ўйин амалиётига унчалик эга бўлмаётган Ҳамралиев ёки бошқасини ўрнига Анвар Ғофуровни ҳам терма жамоага жалб қилишса яхши бўларди. Олдинги йиғинда ўйнаган Қувондиқ Рўзиев, Икром Алибоев кабиларни кўринмаётгани ҳам қизиқ. Албатта, мураббийларни режаси бор, ҳаммасини кўришяпти, ҳар бир учрашувга боришяпти. Улар кўпроқ билишса керак. Мен шахсий фикримни айтдим. Масалан, Аброр Исмоилов қанотда ҳам, таянч зонасида ҳам, ўнгда ва чапда ҳам ўйнайверади. Аббос Файзуллаев жароҳат туфайли  қатнаша олмаяпти, у барибир асосий футболчиларимиздан бири. Умуман олганда, таркибимизга яхши футболчилар жалб қилинган деб ҳисоблайман.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!