Жаъфар Ирисметов: "Тўғриси, рўйхатда сюрпризлар кўп. Лекин бу Каннаварони танлови"

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Ўзбекистон миллий терма жамоамиз АҚШда жаҳон чемпионатига сўнгги тайёргарлик жараёнларини олиб бормоқда. Кетиш олдидан 30 кишилик рўйхат эълон қилинди. Олдинда эса терма жамоамизни Канада ва Нидерландияга қарши ўртоқлик ўйинлари кутиб турибди.

Бўлажак тарихий мундиал олдидан футболимизнинг собиқ юлдузларидан бири Жаъфар Ирисметов Sports.uz нашрига интервью берди.

- Жаъфар ака, миллий терма жамоамиз яқинда АҚШга йўл олди ва энди бевосита мундиал учун сўнгги тайёргарликни ўша ерда олиб боришяпти. Тарихий лаҳзалар олдидан сиз нималарни айта оласиз?

- Терма жамоамизни АҚШга вақтли бориб, мослашув жараёнини ўтаётгани яхши бўляпти. Тарихий жаҳон чемпионати олдидан футболчиларимизга фақат омад тилаймиз. У ерга бориб шунчаки ўйнаб келиш эмас, ўйинчиларимизни шу авлоди жуда яхши ва кучли. Ўйлайманки, муносиб иштирок этиб келишади. Худо хоҳласа, гуруҳдан чиқишга ҳаракат қилишади. Каннаваро биринчи ва иккинчи учрашувларга футболчиларни қанчалик тайёрлай олади? Лекин, ўйлашимча, терма жамоамиз муносиб ва чиройли ўйин кўрсатиб кела олади.

- Каннаваро танлаб олган 30 кишилик рўйхатга жалб қилинган футболчилар борасида фикрингиз қандай?

- Фабио Каннаварода футболчилар билан танишишга анча вақт бўлди. Ўйлайманки, 30 таликка кирган барча ўйинчилар бунга муносиб ва яхши натижа билан қайтишади, деган умиддаман. Тўғри, бизда яхши футболчилар кўп ва кимдир рўйхатга кирди ёки кирмай қолди. Бу борада саволлар кўп бўляпти. Бош мураббий мундиалда танлаган ўйинчиларидан максимал фойдаланса керак. Анча вақт кўрди, кузатди. Ўзига керакли ўйинчиларни олиб кетди, деб ҳисоблайман. Аввало, барчаси Худодан ва қолгани футболчилардан. Худо хоҳласа, яхши ўйинлар ва натижалар кўрсатиб келамиз, деб умид қиламиз.

- Олдинда Канада ва Нидерландияга қарши ўртоқлик ўйинлари бор. Бу мундиал олдидан қайси томонлама фойдали, деб ўйлайсиз ва нима кутяпсиз?

- Мундиал олдидан бу ўйинлар жуда керак. Бизни гуруҳда Европа жамоаси ҳам бор. Илк турга тайёргарликда ҳаммасини кўриб олади. Ўртоқлик учрашувлари жуда керак. Олиб кетилган ўйинчиларни барчасини ушбу ўйинларда кўриб оладими ёки фақат асосий таркибни текшириб оладими, мураббийни ўзини режаси бор. Шу режасига қараб футболчиларни туширади. Иккала беллашув ҳам муҳим ва ўйинчиларимиз ҳам ўйин тонусида бўлиб туришади. Ўйин – бу ҳар қандай машғулотдан яхши-да. Фақат эҳтиёт бўлиш керак, жароҳат олиб қолиш хавфи бор. Буни йигитлар билиб туришибди. Худо жароҳатлардан сақласин.

- Рақиблар орасида энг хавфлиси ким?

- Менимча, ҳамма рақиблар кучли, улар жаҳон чемпионати иштирокчилари. Ҳамма Португалия, Колумбияни гапиришяпти. Мундиалдаги барча жамоаларни кучли деб ҳисоблайман. Чунки жаҳон чемпионатига кучсиз жамоалар чиқмайди. Ҳар ўйин биттадан бўлади ва унда керакли натижани қўлга киритиш мумкин.

- Терма жамоага чақирилмаган, аммо муносиб эди, деган футболчилардан ким қолиб кетди, сизнингча?

- Айтяпман-ку, яна муносиб ўйинчиларимиз бор эди. Мисол учун, “Нефтчи”дан Аброр Исмоилов, Икром Алибоев бор эди. Лекин Каннаваро қайси чизиққа қайси ўйинчилар кераклигини билиб, танлаб олди. Лекин, фикримча, Исмоилов ҳам, Алибоев ҳам лойиқ эди. Аммо барчасини айтиб чиқсак, рўйхат янада катталашиб кетади. Ойбек Бозоров формада бўлмади. Алишер Одилов ҳам бор эди.

- Азиз Турғунбоевни ҳам четда қолганига муносабатингиз қандай?

- Азиз Турғунбоевни ҳам қолиб кетганини билдим. Менимча, ҳозирги жисмоний формасига тушмагани учун олмадими?! Одилов ҳам қолиб кетди. Айтганимдек, кўп футболчилар бор. Битта позицияга 3-4 та ўйинчини ололмайди-ку. Каннаваро мендан кўра яхшироқ билса керак. Турғунбоевни ҳам терма жамоага анча меҳнати сингди. Олиб кетилса яхши бўларди, деган фикрдаман.

- 30 талик рўйхатдан жой олган қайси футболчи сиз учун сюрприз бўлди?

- Тўғрисини айтсам, Жалолиддинов, Ўлмасалиев, сюрпризлар кўп. Лекин бу Каннаварони танлови.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!