Асосий мазмунга ўтиш

Жаҳон чемпионати. 6 нафар боксчимиз финалга йўл олди!

  • Изоҳлар: 0
  • Бокс

Черногориянинг Будва шаҳрида давом этаётган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг ярим финал баҳслари старт олди.

Биринчи бўлиб, -70 кг вазн тоифасидаги вакиламиз Мафтуна Янгиева рингга кўтарилди. У жазоирлик Ханана Каинанега қарши баҳс юритди. Жанг мобайнида ақилли ва тартибли ҳаракат қилган Янгиева 5:0 ҳисобида зафар қучиб, финалга йўл олди.

-70 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Зулфиқор Адҳамжонов ярим финалда қозоғистонлик Бибарис Аширбай билан куч синашди. Муросасиз кечган беллашувда ҳамюртимиз 1:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва Жаҳон чемпионатини бронза медали билан якунлади.

-85 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Сардорбек Баҳромхўжаев ярим финалда кубалик Хулио Чибас билан куч синашди. 1 раундда Баҳромхўжаев, 2 раундда Чибас очколар бўйича устунликка эришди. Ҳал қилувчи раундда эса Сардорбек рақибига нисбатан фаолроқ ҳаракат қилиб, ғалабани илиб кетди ва финалга йўл олди. Якуний ҳисоб 3:2 кўриниш олди!

-48 кг вазн тоифасидаги вакиламиз Мухтасар Алиева ярим финалда япониялик Ҳиёри Микига қарши рингга кўтарилди. Қизғин курашларга бой ўтган тўқнашувда Мухтасар муносиб жанг ўтказди. Бироқ якунда ҳакамлар япониялик боксчининг ғалабасини эътироф этишди. Якуний ҳисоб 0:5 кўриниш олди. Шу тариқа Мухтасар бронза медалини қўлга киритди. 

-51 кг вазн тоифасидаги вакиламиз Назокат Мардонова ярим финалда қозоғистонлик Мадира Жумакан билан баҳс олиб борди. Бутун жанг мобайнида ажойиб ҳаракат қилган Мардонова икки бора реферини ҳисобни очишга ҳам мажбур қилди. Яунда вакиламиз 5:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди ва финал йўлланмасини нақд қилди. 

-75 кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Суҳроб Раҳматуллаев ҳам ярим финал баҳсида рингга кўтарилди. Унга ирландиялик Жасон Велан рақиблик қилди. Суҳроб бу жангда рақибига хеч қандай имконият қолдирмади ва 5:0 ҳисобида ғалабага эришиб, финал йўлланмасига эга чиқди. 

-90 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Асадбек Султанбоев ярим финал жангида англиялик Албе Довеллга қарши рингга кўтарилди. Биринчи раундда 5:0 ҳисобида устун келган Султанбоевга иккинчи раундда 3 марта қоидабузарликни амалга оширгани учун рақиб дисквалификация қилинди. Шу тариқа Асадбек ҳам финалга йўл олди.

+90 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Ислом Салихов украиналик Володимир Деркачга қарши финал йўлланмаси учун баҳс олиб борди. Салихов тўлиқ 3 раунд давомида рақибидан барча жиҳатдан устун эканини намойиш этиб, якунда 5:0 ҳисобида зафар қучди.

Шу тариқа Ўзбекистон 6 нафар боксчи билан финалга йўл олмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бокс федерацияси хабар берди.

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Telegram'даги каналига аъзо бўлинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ