Жаҳонгир Қорабоев: "Яхши жанговар самбо устаси ММАда ҳам юқори натижалар қайд эта олади"
Юртимизда жанговар самбо ҳамда ММА спорт турлари жадал суръатларда ривожланиб боряпти. Албатта, бу борада ҳар бир вилоятдан юқори савиядаги атлетлар етишиб чиқмоқда. Шубҳасиз, бунинг замирида тажрибали, билимли мураббийларнинг ўрни беқиёс саналади.
Юқорида санаб ўтилган икки яккакураш тури бўйича Андижон вилояти юртимизда етакчилар қаторида эътироф этилади. Бунда Ўзбекистон жанговар самбо терма жамоаси бош мураббийи Жаҳонгир Қорабоевнинг хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Ушбу мураббий бир неча йиллардан буён ёш спортчиларга сабоқ бериб, халқаро ареналарда муносиб натижалар кўрсатишига сабабчи бўлиб келмоқда.
Биз ушбу мураббий билан боғланиб, суҳбатга тортдик...
- Сизни мураббий сифатида жуда яхши биламиз. Ажойиб кадрларни тарбия қилгансиз ва буни яна давом эттирмоқдасиз. Бироқ, бизга спортчилик фаолиятингиз ҳам қизиқ?
- 1985 йилда спорт оламига кириб келганман. Фаолиятимиз мобайнида Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Собиқ Иттифоқда ташкил этилувчи халқаро турнирларда ғолиб ва совриндор бўлганмиз. Афсуски, 1993 йилги жаҳон чемпионатига молиявий муаммо туфайли бора олмагандим. Умуман олганда, спортчилик фаолиятимдан нолимайман.
- Шогирдларингизни ММАдаги муваффақиятларини нима билан изоҳлаган бўлардингиз? Сабаби, жанговар самбони мукаммал ўзлаштирганидами?
- Энди, жанговар самбо ММАга энг яқин спорт тури бўлганлиги туфайли, яхши жанговар самбо устаси аралаш жанг санъатларида ҳам ўзини эркин хис қилади. Мисол учун, Фёдор Емельяненко ва Ҳабиб Нурмагомедовни айтиб ўтишимиз мумкин.
- Андижон вилоятини оладиган бўлсак, самбо ва ММА борасида қайси туман вакиллари фаолроқ ва яхши натижалар қайд этишади?
- Андижон шаҳри, Асака, Шаҳрихондан самбо бўйича Ўзбекистон чемпионлари, ММАдан ҳам юқори натижалар қайд этаётганлар кўплаб топилади. Умуман олганда, барча туманларда яхши савиядаги ёшлар бор ва аста-секин ривожланиб бормоқда.
- Россияда ҳам бир қатор шогирдларингиз ўз жангларини ўтказган ҳолда мураббийлик фаолияти билан ҳам шуғулланмоқда, улар борасида ҳам бироз маълумот бериб ўта оласизми?
- Тўғри, Россияда ҳам шогирдларимиз фаолият юритмоқда. Жумладан, Санкт-Петербург шаҳрида Сарварбек Исақов, Максим Қўлдашев бор. Улар ўша ерда машғулотлар олиб борган ҳолда, ёш спортчиларимизни тайёрлаб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишларига сабабчи бўлмоқда.
- Жанговар самбо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи ҳисобланасиз. Шу нуқтаи назардан келиб чиқсак, нафақат Андижон балки бошқа вилоятларда ҳам шогирдларингиз мавжуд. Жумладан, қашқадарёлик жанговар самбо бўйича етакчи вакилимиз Баҳодир Боқиев ММАда ҳам муваффақиятли одимламоқда. Шундай бошқа вилоятдаги шогирдларингиздан кимлар яна аралаш жанг санъатида яхши натижалар қайд этаяпти?
- Албатта, бундай шогирдларимиз жуда ҳам кўплаб топилади. Тўғри айтдингиз, улар орасида қашқадарёлик Баҳодир Боқиев жуда яхши натижалар кўрсатиб келаяпти. Куни кеча жаҳон кубогида ғалаба қозонди. Бир ҳафтадан кейин Россияда нуфузли промоушенда ММА бўйича ўз жангини ўтказади. Яна бир қашқадарёлик ажойиб, истеъдод эгаси Бекзод Нурматов бор эди. Афсуски, бу ёруғ оламни тарк этди. Охиратлари обод бўлсин! Самарқандик Ҳакимбой Исмоиловни ҳам таъкидлаб ўтган бўлардим. Ушбу шогирдимиз ҳам самбо, жанговар самбо ва ММА бўйича ҳам яхши натижаларга эришмоқда.
- Биламизки, Аҳлиддин Мирзадавлатов ҳам шогирдингиз ҳисобланади. Унинг АСА промоушенидаги жангида тушунарсиз ҳолат юзага келди ва мағлубият ёзилди. Шунга апелляция бердингларми, умуман бу ҳолатни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
- “Партер” ҳолатида рақибига тизза зарбасини йўллаб юборди. Бу ҳолат баъзи промоушенларнинг қонун-қоидасига тўғри келса, баъзиларида мумкин эмас экан. ACAда ҳам бу зарба таъқиқланган ва бу ташкилот апелляцияни ҳам қабул қилмас экан. Аслида, Аҳлиддин “партер” ҳолатида кетма-кет зарбалар ёғдиратган ва рақиб чуқур ҳимоя ҳолатида эди. Ҳакам аввалроқ, жангни тўхтатиши лозим бўлган ҳолатда, шундай ҳодисалар юз берди. Албатта, бунга мезбонлик фактори роль ўйнади.
- Яна бир шогирдингиз Авлиёхон Ҳамидов “UAE Warriors” промоушенидаги жангидан сўнг, UFC билан шартнома тузиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо, Ҳамидов Баҳрайннинг “Brave CF” промоушени билан ҳамкорликни бошлабди?
- Тўғри, бу промоушен билан тўртта жангга шартнома тузди. Мазкур жангларда яхши ҳаракат қилиб, ғалаба қозона олса, UFC билан ҳам шартнома имзолайди, деган умиддаман. Бунинг учун эса, тинмай меҳнат қилиш керак. Ҳар қандай жангчини UFCда жанг қилиш орзуси бўлади. Ўйлайманки, шогирдларим ҳам ушбу орзуларига эришади. Энг асосийси барчасини кутилмаган жароҳатлардан Яратганни ўзи асрасин!
- Бир неча йиллардан Андижондаги олийгоҳ залида машғулот ўтаб келишингиз ва сизнинг қўл остингизда шуғулланишни истайдиганлар жуда ҳам кўп эканки, бу зал кичиклик қилиб қолаётганлигини эшитдик?
- Тўғри, анчадан буён шу даргоҳда фаолият юритамиз. Авваллари бундай вазиятга тушган ҳолатлар ҳам бўлган эди. Ҳозирда, залимизни анча кенгайтирдик. Шароитлар яхшиланди, янада ривожлантирмоқчимиз. Фитнесс залини ҳам қўшиш ниятимиз бор. Шу ўринда ушбу қулайликларни яратишда бизга ёрдам берган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга ўз миннатдорчилигимизни билдириб қолган бўлардим.
- Ўзбекистон жанговар самбо терма жамоаси мураббийи сифатида айтингчи, бу йўналишда қайси вилоят вакиллари етакчи саналади. Яъни, қайси худудда бу спорт тури яхши ривожланган?
- Энди, баъзи вақтларда Андижон вилояти етакчи бўлган. Бухоро, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари пешқадамлик қилган. Етакчилик ҳар доим ўзгариб туради. Соғлом рақобат мавжуд. Айнан ушбу омил Ўзбекистон терма жамоасини яхши шаклланишида асосий роль ўйнамоқда.
- Сўнги йилларда самбо, жанговар самбо ҳам юртимизда жуда тез суръатларда оммавийлашмоқда ва яхши натижалар қайд этилмоқда, бунинг асосий сабаби нимада деб ўйлайсиз?
- Шубҳасиз, ҳукуматимиз барча спорт турларига жиддий эътибор қаратмоқда. Қолаверса, спорт федерациялари ҳамда ассоциациялари профессионал тарзда фаолият юритишни ўрганди. Жумладан, Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимовнинг жонбозлиги ҳам ўзбек самбосини янада ривожланишига туртки бўлмоқда. Шунингдек, Осиё самбо уюшмаси президенти Аламжон Муллаев ва Ўзбекистон самбо терма жамоаси бош мураббийи Роман Шакировнинг ҳам хизматларини таъкидлаб ўтган бўлардим.
- Суҳбат учун раҳмат. Яқин йилларда шогирдларингиз янада юқори марраларни забт этишларига тилакдошмиз!
- Эътибор учун ташаккур. Юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қиладиган спортчиларни тарбиялаб боришга ҳаракат қиламиз!
Фикрлар