Жалолиддин Машарипов чиндан ҳам бошқа жамоага ўтяптими? - Футболчининг ўзидан жавоб
Кеча бир қатор хориж нашрлари Саудия Арабистонининг "Ал-Насср" клуби футболчиси Жалолиддин Машариповни бошқа жамоага ўтгани борасида хабарлар тарқатди.
Манбаларда ёзилишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Бирлашган Араб Амирликларининг "Шабаб Ал Аҳли" жамоасига ўтмоқда. Аввал ҳам шу жамоада ижара асосида тўп тепган Машариповнинг ўйинлари клуб раҳбариятига маъқул келгани боис у билан 3 йиллик шартнома борасида келишиб олинган. Трансфер яқин орада эълон қилиниши кутилаётгани айтилганди.
SPORTS.uz Жалолиддин Машарипов билан боғланди ва ушбу маълумотларга аниқлик киритди. Футболчининг билдиришича, чиндан ҳам БАА жамоасидан тинимсиз равишда таклифлар бўлмоқда. Аммо шартнома имзоланмаган.
Қолаверса, "Ал-Насср" клубининг янги бош мураббийи франциялик Руди Гарсия ҳамюртимизга ишонч билдирмоқчи. Шунинг учун ҳозир БАА варианти Машариповнинг кун тартибидан ўрин олмаган. Жалолиддин жамоасининг Испанияда бўладиган йиғинига йўл олиши мумкин.
Фикрлар