"Жамоамга ишонаман. Клубига ишонмаган мураббий у ерда ишламаслиги керак" - Анвар Бердиев "Шўртан"ни плей-офф орқали Суперлигага олиб чиқадими?

Ғузорнинг “Шўртан” жамоаси про лига якунларига кўра 5-ўринни олди ва энди Суперлига йўлидаги плей-офф учрашувларида қатнашади. Бунинг учун дастлаб “Машъал” тўсиғидан ўтиши керак. Ундан кейин “Қўқон-1912” ва сўнгра Суперлигада 12-ўрин эгасига қарши учрашув кутмоқда.

“Шўртан” про лиганинг сўнгги турида “Динамо”ни мағлуб этиш эвазига плей-оффда қатнашиш имкониятини қўлга киритди.

Ортда қолган учрашувлар ва бўлажак баҳс олдидан жамоа бош мураббийи Анвар Бердиев Sports.uz сайтига интервью берди.

- Про лиганинг охирги турида “Шўртан” “Динамо”ни ютиш орқали плей-офф йўлланмасига эга чиқди. Жамоангиз Суперлигага чиққан клубнинг чемпионатдаги мағлубиятсиз сериясига нуқта қўйди. Дастлаб шу хусусида тўхталсангиз.

- Уйимизда “Динамо” билан жуда қийин ўйин бўлди. Ҳаммани хабари бор, “Динамо” про лигада мағлубиятсиз келаётганди. Улар бизга қарши учрашувга ҳам яхши тайёрланишганди ва Самарқанддан ҳам анча мухлислар келишди. Аммо мен ўз жамоамга ишонгандим. Клубига ишонмаган мураббий бу жамоада ишламаслиги керак, деб ўйлайман. Озгина имкониятдан максимал даражада фойдаланиб, фақат ғалаба қозонишимиз керак эди. Бу бизнинг вазифамизга айланганди. Худога шукр, ўша ғалабани қўлга киритдик. Хурсанд бўлдик, футболчиларга миннатдорчилик билдирдим. Клуб раҳбари Шамил ака Ярулин, жамоамиз ҳомийларига алоҳида раҳмат. Олдимизга қўйилган вазифани қўлдан келганича бажаришга ҳаракат қилдик. Биринчи даврада ҳам биз Самарқандда “Динамо”га ютқазмагандик. Демак, уларга қарши ўйинларда 4 очко олишга эришдик.

анвар бердиев4_1

- “Шўртан” дастлабки плей-оффда ён қўшниси “Машъал”га қарши ўйнайди ва бу дерби мақомида. Ушбу учрашувга тайёргарлик қандай олиб бориляпти?

- Биласиз, дербида кутилмаган вазиятлар бўлади. “Машъал” шаклланган жамоа. Ҳар доимгидек тайёргарлик кўряпмиз. Плей-офф битта ўйиндан иборат. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аммо бизда озгина бўлса ҳам имконият бор эканми, охиригача курашишга тайёрмиз. Йигитларимизга 3 кунлик дам бергандик ва 31 октябрдан яна тайёргарликка киришганмиз. 15 ноябрда бўладиган дербига ҳозирлик кўришда давом этяпмиз. Вазифамиз ҳар бир учрашувда ғалаба учун курашиш. Ажойиб ўйин бўлади, деб ўйлайман. Бор кучимиз билан курашамиз. У ёғи Аллоҳга аён.

- Умумий олганда, “Шўртан”ни чемпионатдаги иштирокини қандай баҳолайсиз?

- Мавсум бошида бош мураббий Алексей Евстафеев эди. Ўшанда жамоамиз олдига 4-ўриндан пастга тушмаслик вазифаси қўйилган. Биласиз, ўша пайтда натижаларимиз бироз кўнгилдагидек бўлмади ва Евстафеев ишдан кетди. Жамоани эса менга ишониб топширишди. Ўшанда ҳам мақсад ўзгармаган. Плей-оффга илиниб қолганимиз мени унчалик қониқтирмайди. Чунки айрим учрашувларда тўғриси, ҳакамларнинг хатоси бўлди. Масалан, уйимизда “Хоразм”га ютқазганимиз, сафарда “Навбаҳор-фарм” билан учрашувимизда ҳам ҳакамларнинг хатолари қимматга тушди. “Локомотив”га қарши сафардаги ўйинда ҳам жамоамиз ажойиб ҳаракат қилди. Охирги дақиқаларда хушёрликни йўқотиб гол ўтказиб юбордик. Унгача ҳакам фойдамизга яққол пенальтини бермади. Шунингдек, уйимизда “Арал”га қарши ҳам бироз омадимиз келмади. Агар ушбу учрашувларда ғалаба қозонганимизда бемалол вазифамизни 2-3 тур олдин бажарсак бўларди.

анвар бердиев1_1

- Барибир “Шўртан”да ҳам Суперлигага чиқиш имконияти сақланиб турибди. Фақат бунинг учун учта ўйинда ютиши керак бўлади. Вазиятга реал қарасак, “Шўртан” Суперлигага тайёрми ёки плей-офф баҳсларида шунчаки омадини синаб кўрмоқчими?

- Авваламбор, жамоамга ишонаман. Бу йилги ўйинларимизда бирорта жамоага 2-3 та тўп фарқи билан ютқазмадик. Масалан, уйимизда “Локомотив”га 1:2 ҳисобида енгилдик. Сафарда эса 1:0 ҳисобида мағлуб бўлдик. Самарқандда “Динамо” билан дуранг ўйнадик ва уйимизда бу жамоани ютдик. Қўқонликлар билан Ғузорда дуранг қайд этдик, меҳмонда охирги дақиқаларда пенальтидан гол ўтказиб юбориб, мағлуб бўлдик. “Машъал” билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлди. Айтмоқчиманки, биз Суперлигада ўйнаган клубларга қарши тенгма-тенг курашдик. Фақат қаердадир ўзимиз мувозанатни йўқотиб гол ўтказиб юбордик. Яна қайтараман: мен жамоамга ишонаман. Футболда озгина имконият бўлса ҳам охиригача курашиш керак. Бизда имконият пайдо бўлди. Аввало “Машъал” ҳақида ўйлаяпмиз. Қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Бунинг учун жамоамизга шарт-шароитлар яратилган, молиявий томондан ҳам муаммолар йўқ. Биздан фақат майдонга чиқиб курашиш керак холос.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Жабборов Ахмаджон
05/11/2023 06:42
Анваржонга омад.