Жамоасини иккита голдан қутқарган Ҳусановнинг ўйини қандай баҳоланди?

Франция вице-чемпиони “Ланс”нинг жорий мавсумдаги 11 та учрашувдан иборат мағлубиятсиз серияси якунланди.

Франк Хейз шогирдлари 17-турда чемпионлик учун курашаётган “Ницца” меҳмони бўлиб, кескин ва муросасиз ўтган баҳсда мезбонларга 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди.

Аслида лансликлар сафардан очко билан қайтиши мумкин эди. Бироқ 75-дақиқада Брис Самба дарвозасига белгиланган пенальти ҳисобдаги устунликни “Ницца” томонига оғдирди. Аввалига 11 метрлик белгидан адашмаган Терем Моффи орадан уч дақиқа ўтиб, иккинчи голини ҳам урди.

Биз учун аҳамиятли томони шундаки, бу беллашувда Абдуқодир Ҳусанов тўлиқ ўйнади. 19 ёшли легионеримиз ўз позициясини мустаҳкам ушлади ва бир неча вазиятларда рақибнинг кескин ҳужумини бартараф эта олди.

Франция футболини  ёритиш билан шуғулланаётган манбалар учрашувда иштирок этган футболчилар ўйинини баҳолаб бормоқда. Хусусан, www.lensois.com  сайти  “Ланс” вакилларининг ҳаракатларини баҳолади.

Мазкур сайт эксперти Элоиза де Местер “Ницца”га қарши ўтказилган учрашувда “Ланс”нинг энг яхши икки ўйинчиси сифатида Нил Ал-Айнауи ва Абдулқодир Ҳусановни эътироф этди.

“Ланс” рақиб майдонида бўлган ўйинда анча вақт “Ницца”нинг ҳужумларини назорат остида ушлаб турди. Бироқ Салис Абдулсамеднинг хатоси ва унинг натижасида майдонга тушганидан  беш дақиқа ўтиб, дубль қайд этган Моффининг дубли лансликларнинг мағлубиятсиз сериясига чек қўйди.

Юқори баҳоланган ўйинчилар Нил Ал-Айнауи ва Абдулқодир Ҳусанов бўлди.

Нил Ал-Айнауи ҳужумларни ташкил этишда жонбозлик кўрсатиш баробарида, бир неча вазиятларда ҳимояга қайтиб, жамоадошларига ёрдам берди. Айниқса, олдинги чизиқдаги ўйинлари эътирофга лойиқ. Яккама-якка курашларда тўққизтадан еттитасида ғолиб чиқди, ҳаводаги курашда учтадан иккитасида устунлик қилди.

Абдуқодир Ҳусанов ҳимоя маркази ва чап қанотида жуда ишончли ўйнади. Ўзбек футболчиси одатдагидек ўз вазифани аъло даражада уддалади.

Беллашувнинг 16-дақиқасида Абдуқодир рақиб ҳужумчиси Ҳишом Будауининг “Ланс” дарвозасига гол уришига тўсқинлик қилди. Ҳимоячи зарба беришга шайланган рақибга нисбатан подкат ишлатиб, голли вазиятни бартараф этди.

Ҳусанов 59-дақиқада ҳам жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди. Абдуқодир яна ўша  Будауининг тўп киритишига йўл қўймади. Ҳимоячи рақибнинг зарбасидан кейин дарвозага аниқ бораётган тўпни қайтариб юборди.  Айнан Ҳусановнинг ҳаракатлари туфайли “Ланс” узоқ вақт дуранг натижани ушлаб турди.

Nice_Lens_12212023

Ишончни оқламаган ўйинчилар Салис Абдул Самед, Давид Перейра да Кошта ва Факунда Медина бўлди.

Салис Абдул Самед  ўйин дуранг бўлиб турган паллада ўз жарима майдончаси ичида  рақиб ўйинчиси Эванд Гессанга қарши қоидани бузди. Моффи томонидан аниқ бажарилган пенальти мағлубиятга сабаб бўлди.

Давид Перейра да Коштага муҳим ва мураккаб учрашувда тажриба етишмагани очиқ кўриниб қолди. Ярим ҳимоячи ўзига юклатилган вазифани мукаммал адо эта олмади. Давид бунақа учрашувларда ўзида яхши томондан кўрсатиши кутилганди.

Факундо Медина  жамоа етакчиси ва асосий ҳимоячи Кейин Дансо ўрнига ҳимоя марказида тўп тепди. Аргентиналик футболчи айрим вазиятларда тўпни дарвозадан узоқлаштиришда бўш ўйнади. Бундан ташқари, рақиб ҳаракатларини олдиндан пайқашда ҳам қатор камчиликларга йўл қўйгани кўзга ташланди.

“Ланс” бу мағлубиятдан кейин 2023 йилни 26 очко билан еттинча ўринда якунланди. Энди Франция чемпионатида қишки танаффус эълон қилинади. Лига 1 жамоалари мусобақадаги иштирокини 12 январдан давом эттиради. Лекин бу пайт Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”га ёрдам бера олмайди. Ҳимоячи 13 январдан 11 февралга қадар Қатарда ўтказиладиган Осиё чемпионатида қатнашиш учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ихтиёрида бўлади.

Ана холос: Шомуродовнинг нархи тушиб кетди

Шомуродов бўйича хавотирли ҳолат

Файзуллаев махсус текширувдан ўказилди. Натижалар “даҳшатли” экан...

Файзуллаев бўлмаганида аҳвол яна ҳам оғирлашарди!

Файзуллаевнинг ҳақиқий маҳоратини баҳорда кўрасизлар!

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Хайрулло Алимжонов
21/12/2023 10:54
Харакат яхши яна устида ишлаш керак. Зўр бўлади.