Жамшид Саидов: "Иккинчи тайм учун бошқача режа тузиб майдонга тушдик"
Ўзбекистон Суперлигаси 3-туридан ўрин олган "Насаф" - "Қизилқум" учрашуви бўлиб ўтди. Беллашувдан сўнг “Қизилқум” клуби устози Жамшид Саидов ўйин ҳақида ўз фикрини билдирди.
"Асосий урғу ҳимояга қаратилиб, тезкор қарши ҳужумларда ўйнашни режа қилгандик. Аммо, рақиб биринчи таймдаёқ бизни шошилтириб қўйди ва иккита гол урди. Иккинчи тайм учун бошқача режа тузиб майдонга тушдик. Аммо, якунда вазиятларни голга айлантиришни эплай олмадик. Рақибни ғалаба билан табриклайман.
Аввалги икки ўйин бошқачароқ кечганди. Биринчи таймда голлар уриб, иккинчи таймда деярли футбол ўйнамаётган эдик. Бугун бунинг акси бўлди. Кўпчилик шу саволни бераяпти. Нима учун “Қизилқум” иккинчи таймда ишончсиз ўйнаяпти? Балки руҳий жиҳатга боғлиқдир. Балки чемпионат энди бошлангани учун ҳали тўлиқ услубимизни шакллантирмагандирмиз.
Биринчи тайм асосий режа ҳимоявий ўйин бўлгани учун, асосий таркибни шунга қараб тузгандик. Кухианидзе иккинчи таймда туширилганининг сабаби шу.
Албатта, жисмоний ҳолат энг асосий фактор. Бу ҳолатга жиддий қараймиз. “Насаф” доим чемпионат фаворитларидан бири. Бу мавсум ҳам бемалол совринлар учун кураша олади.
Муродбек Раҳматовни олиб қолишни истагандик. Аммо, “Насаф” унинг ижара шартномаси тугагач, қайтариб олди. Кучли ва келажаги бор ўйинчи. Унга омад тилаб қоламиз", - деди Саидов.
Фикрлар