Жамшид Саидов истеъфо ҳақида: "Бу масалани раҳбарият ҳал қилади"

“Қизилқум” – “Андижон” (3:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида навоийликлар бош мураббийи Жамшид Саидов саволларга жавоб қайтарди.

- “Андижон” жамоаси қандай ўйин намойиш этишини билардик. Ҳаммаси яхши бошланганди. Афсус, ютуққа эриша олмадик. Уч марта қарши хужумда гол ўтказиб юбордик. “Андижон” биздан кўра қўпроқ ғалабани хоҳлаб майдонга тушди. Бугун захирадан қўшилганлар ёрдам бермади. Рақибда эса аксинча, захирадан майдонга тушганлар ўйинни кучайтирди. Бизни қўллагани келган мухлисларга раҳмат айтаман. Бирон нима дейишга ожизман. Ўйин бундай якунланганидан афсусдаман.

- “Қизилқум”да натижа беқарор бўлиб турибди. Истеъфо беришингиз бўйича гап-сўз борми?

- Ўйлайманки, ҳали ҳеч нима йўқотганимиз йўқ. Ўйинлар олдинда. Раҳбарият ҳал қилади. Тўғри, ҳозир натижа йўқ. Барибир бу масалани раҳбарият ҳал қилади. Биляпсизлар, чемпионат жуда оғир ўтмоқда. Жамоалар охиригача курашмоқда. Ҳозир бу хусусида аниқ гап айта олмайман.

- “Қизилқум”га трансфер тақиқи қўйилган. Бу сизга қанчалик халақит беради?

- Буни вақт кўрсатади, кўрамиз. Ҳали вақт бор. Муаммоларни раҳбарият ҳал қилади. Ўйлайманки, барча масалани ҳал қила оладилар.

- Мавсум бошида Шахбоз Жўрабеков яхши таассурот қолдираётганди. Охирги учрашувларда нимагадир бундай эмас...

- Мен ҳам тушунмаяпман. Ўтган ўйинда ҳам ёмон ўйнаган эди. Бугун ҳам захирадан тушиб фойдаси тегмади. Рақиб 10 киши қолганидан кейин ўйинга темп қўшишди. Бизда хатолар кетидан хатолар. 3 марта қайта ҳужумда жазоландик.

- Ўтган йили Муҳаммадали Ғиёсов ўзини кўрсаётганди, бу мавсумда қандайдир ундай эмас...

- Муҳаммадали Ғиёсовни омади келмаяпти. Ҳаракат қиляпти. Масалан, ўтган йили Нимели ҳам ўзини кўрсатганди, бу йил эса йўқ. Вақт керак, жароҳатдан кейин тикланиб олиш учун. Ҳали майдонни ҳис қилиб олмаган. Ўтган йили яхши ўйин намойиш этган кўплаб ўйинчилар бу йил кўринишмаяпти. Балки иккинчи даврда биз кутгандек ўйнаб қолар. Қандайдир муаммоси бордир, бизга қоронғу. 25 та футболчиларнинг ҳар бирида ҳар хил феъл атвори, ҳар хил муаммолари бўлади. Футболда омад биринчи ўринда туради. Ўтган йили уни ҳужумда кўрган эдик, ҳозир чап қанот ярим ҳимояда ҳаракатланмоқда.

- Иккинчи даврада жамоа ўзаги сақланиб қолинадими?

- Ҳар нима бўлиши мумкин. Трансфер ойнаси очилганда керакли жойларимизни кучайтирамиз. Бизга тўғри келмаётган футболчилар ҳам бор. Кўплаб жамоалар бундай имкониятдан фойдаланишади, биз ҳам жамоада ўзгариш қилишга ҳаракат қиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
998913335306
16/06/2024 11:50
Совринли урин олишга харакат килиш кере. Факат суперлигада уйнасак тушиб кетмасак булди деб юрмасдан