"Жар"даги жанг ёхуд Суперлигада 19-турни "шерлар" ва "бўрилар" баҳси очиб беради

CHERY AUTO

Хабарингиз бор, бугундан Суперлигада 19-тур баҳслари бошланади. Бу тур "Жар"да бўлиб ўтадиган "Пахтакор"-"Сўғдиёна" беллашуви билан старт олиши кўзда тутилган. 

Tecno

"Пахтакор" - "Сўғдиёна"

"Пахтакор" иккинчи даврани кутилганидек бошлай олмади. Ўтган 3 та турда фақатгина қуйи поғоналардаги "Машъал" қийинчилик билан мағлуб этилди. "Динамо" билан дуранг қайд қилинган бўлса, уйда ОКМК "шерлар"ни енга олди. Бугунги ўйиндан кейин яна ғалабали серияга қайтиб олиш асосий вазифа сифатида қаралса ажаб эмас. Ўйин томонлама муаммолар деярли йўқ. Муваффақиятсиз уч баҳсда ҳам "Пахтакор" рақибларидан устун бўла олган. Масалан, "Динамо" га қарши беллашувдаги статистикага қарасак, тўп назорати 36-64 фоиз, зарбалар 9 -11, бурчак зарбалари 2-3. Кўриниб турибдики, ҳаммасида "шерлар"нинг рақамлари юқорироқ. Ўйин эса 1-1 ҳисобида якунланган. Тожиев ана шу ўйин услубини сақлаб қолган ҳолда реализация ва ҳимоядаги баъзи камчиликларни бартараф эта олса, клубни кучли учликда кўрсак ажабмас.

"Сўғдиёна"га эса ёзги трансферларда фаол иштирок этгани ёрдам беришни бошлади. Жамоа янги футболчилар эвазига анча кучли кўринмоқда. Айниқса албаниялик Рубин Хебай 3 та ўйинда 2 та гол уриб улгурди. Тақвимдан келиб чиқсак, натижалар ҳам унча ёмонмас. "Насаф" билан баҳсда баъзи жабҳаларда устунлик қилган ҳолда мағлубият,  Наманганда "Навбаҳор" қийинчилик билан мағлубиятдан қутулиб қолди. Охирги турда эса "Машъал" ишончли тарзда доғда қолдирилди. Бошковичда қандайдир ўйин фалсафаси борлиги олдиндан айтиб келинади. Ана шу фалсафа секин-асталик билан кўрина бошлагандек.

Статистика

Жамоалар ўзаро 59 марта тўқнаш келишган. 44 баҳсда "Пахтакор" ютган бўлса, 8 та ўйинда эса Жиззах клуби ғалаба нашидасини сурган. Яна 7 учрашувда жамоалар муроса кўчасини танлашган. Тўплар нисбати 135-49 "Пахтакор" фойдасига. Энг йирик ҳисобли ғалабалар "шерлар"да 6:1, "Сўғдиёна"да эса бу ғалаба 4:1ни ташкил қилади. Бу ютуққа ҳам 33 йилдан ошди.

Қизиқарли баҳс бўлиши аниқ. Ўз принципларидан кечмайдиган мураббийлар беллашувини кузатиш бошқача бир завқ бериши турган гап. Таҳминимимча, имкониятлар тенг. Бироқ оз бўлса-да мезбонлик фактори бор. Шу сабаб имкониятлар 55/45 "Пахтакор" фойдасига.

Яҳёхон Ғаниев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!