Жароҳатлаган ўйинчининг қайтиши, мухлислар билан учрашув ёхуд Ёрқин Назаровнинг илк машғулоти қандай ўтди? (фото)
Хабарингиз бор, куни кеча “Андижон” клубида бош мураббий ўзгарган бўлиб, Отабек Ғуломхўжаевнинг ўрнини вақтинчалик Ёрқин Назаров эгаллади.
Бугун футболчилар янги бош мураббий бошчилигида “Бобур арена”да илк машғулотни ўтказдилар. Кеча Назаров sports.uz cайтига берган интервьюсида жамоанинг ўйин услубини ўзгартириши ва ҳужумкор футбол кўрсатиши тарафдори экани ҳақида алоҳида айтиб ўтганди. Таъкидлаш жоизки, дастлабки машғулотдан жамоа аъзолари ҳужумкорликни ошириш устида ишладилар.
Клуб матбуот хизматининг берган хабарига кўра, машғулотда футболчиларнинг кайфияти яхши эканлиги айтилган.
Мураббийлар штабида бошқа ўзгариш кузатилмаган. Биргина Ғуломхўжаев клубни тарк этган. Ёрқин Назаровга Дониёр Усмонов кўмаклашмоқда. Шунингдек, яқинда таклиф қилинган Александр Кит дарвозабонлар мураббийи сифатида ишга киришган. Айтиш жоизки, жамоанинг заиф нуқталаридан бири айнан дарвозабонлар масаласи бўлиб турибди. Бу борада Кит “Андижон”даги посбонлар билан жиддий шуғулланишга киришган.
Бундан ташқари, мавсум аввалида “Андижон” билан шартнома имзолаган, бироқ қишки йиғин чоғида жароҳат олиб сафдан чиққан ҳимоячи Миркомил Локаев ҳам ниҳоят жамоа ихтиёрига қайтди ва машғулотларда кўриниш берди.
Ёрқин Назаров бошчилигидаги биринчи машғулотни кузатиш учун кўплаб мухлислар стадионга келишди. Машғулотдан кейин эса футболчилар билан ишқибозлар ўртасида учрашув ўтказилди.
Жамоанинг охирги ўйинлардаги натижаларидан келиб чиқиб андижонлик мухлислар қаттиқ ташвишга тушиб қолишганини, эндиликда очко йўқотишларга йўл қўйилмаслик жуда муҳим экани ҳақида гап борган. Шу билан бирга мухлислар жамоанинг вақтинчалик бош мураббийи Ёрқин Назаровга омад тилаб, футболчиларни доимо қўллаб-қувватлашини такидлашди.
Эслатиб ўтамиз, Суперлиганинг 7-тур доирасида "Андижон" клуби 5 май куни ўз майдонида "Қўқон-1912" жамоасини қабул қилади.
Фикрлар