Жастин Гэтжи билан ўзбек спортчиси ўртасидаги баҳсда ким ғолиб бўлганди?

  • 30 сентябрь, 2020, 11:42
  • 0
  • MMA

Америкалик Жастин Гэтжи UFCнинг енгил вазн тоифасидаги муваққат чемпиони ҳисобаланади. У сўнгги жангида Тони Фергюсонни мағлуб этиб, ушбу мақомга эришган. Маълумки, Гэтжи 24 октябрь куни енгил вазн тоифасининг ҳақиқий чемпиони Ҳабиб Нурмагомедовга қарши октагонга кўтарилади. Умуман олганда Жастин ҳозирги кунда UFC промоушенининг супер юлдузларидан ҳисобланади, десак муболаға бўлмайди. 

Албатта, бу жангчи борасида бежизга тўхталганимиз йўқ. Чунки эркин кураш бўйича икки карра Осиё чемпиони, икки маротаба Осиё ўйинлари ғолиби, икки бор жаҳон чемпионати совриндори ва ММА йўналишида 6 маротаба жанг ўтказиб, барчасида зафар қучган Бекзод Абдураҳмонов океан орти вакилининг яқин дўсти ҳисобланади. Улар маълум вақт бирга машғулотлар ўтаган ва ўз ўрнида спарринг жангларда ҳам иштирок этган экан. Биз Бекзод билан Youtube саҳифамиз учун суҳбат уюштирганимизда, бу борада ҳам савол билан мурожаат қилдик. У қуйидагича жавоб қайтарди. 

"UFC жангчиларидан Жастин Гэтжи билан яхши муносабатга эгаман. У билан бирга кураш тушиб, машғулотлар олиб борганмиз. Спарринг жангларда ҳам иштирок этганман. Албатта, устунлик у тарафида бўларди. Чунки, мен ММАда энди фаолиятимни бошлаш арафасида эдим. Шунинг учун у спарринг мобайнида оёқларимга зарба бермасди. Сабаби эса маълум, агар у оёғимга зарба берса, бир ҳафта машғулотлар ўтай олмасдим. Ҳабибга қарши жангда унга қийин бўлади. Гарчи, у ҳам кураш борасида яхши салоҳиятга эга бўлса-да, Ҳабиб ҳар қандай рақибни "партер"да қийнаб қўяди. Лекин жуда шиддатли жанг бўлади",- деди Абдураҳмонов. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!