Жасур Абдураимов: "Навбаҳор"га ҳамма ҳам иккита гол уролмайди"

Суперлига 11-туридан ўрин олган “Металлург” – “Навбаҳор” (2:2) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Жасур Абдураимов қатнашди.

- 2:0 ҳисобида олдинда бораётгандик, хатоларга йўл қўйишимиз сабабли ҳисоб тенглашди. Футболчиларимиз ҳаракат қилишяпти, олдинга интилишяпти, мураббий учун асосийси шу. Биринчи навбатда ўйинни шакллантиришга эътибор қаратяпман. Жамоамиз кетма-кет топ-жамоаларга қарши ўйин ўтказди. Дастлаб АГМК, кейин “Насаф”, мана энди “Навбаҳор”. Ҳар бир баҳсда биз ўйин томонлама ютқазмадик. Хатолар ҳаммада ҳам бўлади, лекин характер ҳам бўлиши керак. Йигитларга ҳаракат қилишаётгани учун раҳмат айтаман. “Навбаҳор” таркибидаги футболчилар ҳам яхши савияда, улар ҳам меҳнат қилишмоқда. Бугун 2:2 ўйнадикми, демак шундай бўлиши керак экан, - дейди Жасур Абдураимов.

- “Навбаҳор” жамоасини қанчалик ўрганиб чиққандингиз? Жамоангиз 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб, кейин иккита гол ўтказиб юборди...

- Бугун тактик томонлама рақибга ютқазмадик. Аммо кимдир охиригача курашмади, оқибатда гол ўтказиб юбордик.

- Дониёр Нарзуллаев сўнгги ўйинларда майдонга тушмаяпти...

- Футболчида характер бўлиши, машғулотларда ўзини кўрсатиши керак. Шундагина асосий таркибга кириши мумкин. Ҳозирча Дониёрда бу нарсани кўрмаяпман, шундай бўлишини сезишим ҳамоно, у ўша заҳоти майдонга тушади. Бошланғич таркибга кирадими, захирадан тушадими, асосийси, ўйнайди.

- Кейинги турда “Металлург” “Турон” майдонига сафар қилади. Ушбу рақиб ҳақидаги фикрингиз қандай?

- “Турон”да мураббий алмашди, жамоа ҳаракат қилади. Мен “Металлург” учун жавоб бераман. Мени хурсанд қилаётгани, футболчилар астойдил ҳаракат қилишмоқда. Ҳужумкор, замонавий футбол намойиш этишмоқда. Тўғри, хатолар бор, аммо сифат ҳам кўринмоқда. “Навбаҳор”га ҳамма жамоа ҳам 2 та гол уролмайди.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!