Асосий мазмунга ўтиш

Футбол

Португалия Роналдуга қандай жазо қўллаши маълум бўлди

Зоҳир Тошхўжаев
Изоҳлар: 0

Қарор тез орада эълон қилинади

Португалия терма жамоаси етакчи ҳужумчиси Криштиану Роналду миллий жамоа ўйинларидан маълум муддатга четлатилиши мумкин. Бу ҳақда Португалия футбол федерацияси (FPF) ички низомларига таяниб қарор қабул қилгани маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, Роналду терма жамоа жойлашган базани мураббийлар штаби билан келишмасдан тарк этган. Федерация қоидаларига биноан, терма жамоа тадбирларига асоссиз келмаслик ёки жамоа ихтиёрида бўлмаслик учун бир ойдан олти ойгача дисквалификация назарда тутилган. Энди якуний муддатни белгилаш Дисциплинар қўмитаси ихтиёрида.

Агар жазо бир ойдан кўпроқ муддатга белгиланса, Роналду Португалия терма жамоасининг Лига миллатлари доирасидаги қатор муҳим учрашувларини ўтказиб юбориши мумкин. Хусусан, 14 ноябр куни Дания, 17 ноябр куни эса Уэльс терма жамоаларига қарши беллашувларда майдонга туша олмайди.

Роналду атрофидаги вазият сентябрь ойи охирида бошланди. Лига миллатларининг гуруҳ босқичи иккинчи турида Норвегияга қарши ўйинда (2:1) 41 ёшли Роналду бутун учрашувни захирада ўтказди. Ордан кўп ўтмай, бош мураббий Жорже Жезуш матбуот анжуманида ҳужумчи яқиндаги ўйинда асосий таркибга кирмаслигини айтди. Шунинг ортидан Роналду терма жамоа қароргоҳини тарк этди.

Бу ҳолатдан сўнг оммавий ахборот воситалари Роналду миллий жамоа сафига қайтмаслиги, яъни терма жамоадаги фаолиятини якунлаши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатди.

Шу ҳафта Роналду вазиятга муносабат билдириб, бош мураббий томонидан «ишончга путур етказилгани»ни таъкидлади. Шу билан бирга, у жамоадошлари ва мухлислардан узр сўраб, эҳтимолий дисквалификация тугаганидан сўнг терма жамоага қайтишга тайёр эканини маълум қилди.

Криштиану Роналду Португалия тарихидаги энг муваффақиятли футболчилардан бири ҳисобланади. У 2016 йилда терма жамоа билан Европа чемпиони бўлган. Шунингдек, миллий жамоалар даражасида энг кўп ўйин (234) ва гол (146) муаллифи сифатида рекордчи ҳисобланади.

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Instagram'даги саҳифасига қўшилинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ