Жасур Жалолиддинов премьер-лигада тўп суриш ҳуқуқига эга бўлди

Москванинг “Локомотив” жамоаси июль ойининг охирида “Бунёдкор” футболчиси Жасур Жалолиддинов билан беш йиллик шартнома имзолаган бўлса-да, Россия премьер-лигаси беллашувларида унинг хизматидан фойдалана олмаётган эди.

Оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларда бунга Ўзбекистон профессионал футбол лигаси раҳбариятининг ушбу трансфер бўйича турли шубҳаларга боргани ва тегишли суриштирувлар ўтказилгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

“Локомотив” Жасур Жалолиддинов масаласидаги барча муаммолар ҳал этилганидан сўнг, ўзбек футболчисини Россия премьер-лигасида иштирок этадиган футболчилар рўйхатига киритиб,  қайдномадан ўтказди ва энди ҳамюртимиз ушбу мамлакат чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

587239_original

“Локомотив” 23-рақамда ўйнайдиган Жасурни жамоадаги сўнгги легионер сифатида қайдномага киритди. Россия премьер-лигасида жорий қилинган қоидага биноан, бир жамоа таркибида 8 нафардан ортиқ легионер рўйхатдан ўтказилишига йўл қўйилмайди. “Темирйўлчилар” лимит ичидаги сўнгги бўш жойни айнан ўзбекистонлик легионер учун сақлаб тургани маълум бўлди.

18 ёшли футболчи “Локомотив” клуби билан беш йиллик шартномага имзо чеккан. Унинг трансфери учун москваликларга бир миллион евродан кўпроқ маблағ сарфлагани ҳақида хабарлар тарқатилган эди.

Жалолиддинов – “Бунёдкор” футбол академияси тарбияланувчиси. Бу жамоа асосий таркибида 16 ёшу 80 кунлигида дебют қилиб, Ўзбекистон миллий чемпионатларида тўп сурган энг ёш футболчи сифатида тарихга кирган.

Жасур ўз тенгқурлари орасида (2002 йилда туғилганлар) энг истеъдодлиси ва Осиёда энг кучли беш футболчидан бири ҳисобланади.  The Guardian экспертлари баҳосига кўра, ўз ёшида дунёнинг энг яхши 60 нафар футболчиси рўйхатига киритилган. Унга Португалиянинг “Бенфика”, Италиянинг “Удинезе”, “Беневенто”, Туркиянинг “Бешиктош”, Испания ва Осиёнинг қатор клубларидан қизиқиш бўлганди. Бироқ, Жасур Жалолиддинов келажакда янада ўсишга эришиш ва легионер мақомига мослашиш учун “Локомотив”ни танлаганини интервьюсида алоҳида таъкидлаган.

49209152-e15d-11ea-bfd3-fa163e074e61

Жасур Жалолиддинов “Бунёдкор”да жами 32 та учрашувд 3 та гол урган. 2020 йилда Ўзбекистон терма жамоасида дебютини ўтказган. 

“Локомотив” жамоаси Россия премьер-лигасида беш турдан сўнг етти очко билан еттинчи поғонада бормоқда. Москваликлар навбатдаги учрашувда 30 август куни амалдаги чемпион “Зенит”га қарши ўтказади. Айнан ана шу учрашувда Жасур Жалолиддинов дебют қилишига умид билдирамиз.

Жалолиддинов трансфери машмашаси Россияда ҳам акс садо бермоқда. Агент бор гапни айтди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!