Жавлон Гусейнов: Ҳар қандай футболчи ҳам ўз кучини легионер сифатида синаб кўришни истайди

 

Ортда қолган мавсум якунларига кўра Биринчи Лигага йўл олган “Андижон” жамоасини бир қатор маҳоратли футболчилар тарк этишмоқда. Андижонликлар сафида анча мазмунли ўйин намойиш этган ҳимоячи Жавлон Гусейнов ҳам энди фаолиятини бошқа жамоада давом эттиради.

Тажрибали ўйинчи Таиланднинг “Чаинат Хорнбилл” клуби сафига бориб қўшилди. У қай тариқа ушбу жамоага боргани ва ўз олдига қандай мақсадлар қўяётгани борасида SPORTS.uz интернет ахборот порталига интервью берди.   

- Жавлон, “Чаинат Хорнбилл” жамоаси сафига бориб қўшилишингиз қандай амалга ошди?

- Аслида ҳар қандай футболчи ҳам легионер сифатида ўз кучини синаб кўришни истайди. Мен ҳам шу боисдан хорижда тўп тепишни хоҳладим. Умуман олганда, ўтган йилиёқ бу ниятимни амалга ошириш имкони бор эди. Бироқ ўшанда “Андижон”да қолишни афзал билгандим. Аммо жамоа Олий Лига-2016 якунларига кўра элитадан пастга тушиб кетди.

- “Андижон” Биринчи Лигага тушиб кетгач, ўзимизнинг жамоалардан таклифлар бўлмадими?

- Ўзимизнинг жамоалардан ҳам бир нечта чорлов бўлганди. Аммо кўпгина таклифлар мен “Чаинат Хорнбилл” билан келишиб қўйгач кела бошлади. Якунда эса мен айнан “Чаинат”ни танладим. Эндиликда ушбу жамоа муваффақиятларига хисса қўшишга уринаман.

- “Чаинат Хорнбилл” жамоаси бу йил Таиланд юқори дивизионидан тушиб кетибди…

- Ҳа, шундай. Аммо жамоада инфратузилма ёмон эмас ва яхшигина маҳоратга эга футболчилар жамланган. Мана ҳозирда давом этаётган йиғин давомида амин бўляпманки, жамоа олдига келаси йили албатта юқори дивизионга қайтиш вазифаси қўйилган. Жамоага яқинда германиялик мутахассис бош мураббий этиб тайинланди. Эндиликда таркиб ҳам шунга монанд равишда кучайтирилмоқда.

- Тил борасида муаммо йўқми? Таржимон хизматидан фойдаланяпсизми?

- Йўқ! Бундай муаммо йўқ! Биласизми, ёшликдан ота-онам инглиз тили тўгарагига юборишарди. Шу боисдан инглизчада яхши гаплаша оламан. Шунинг учун жамоадошларим ва мураббийлар билан муомала борасида ҳеч қандай қийинчиликка дуч келаётганим йўқ, - дейди футболчи SPORTS.uz интернет ахборот порталига.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!