
Анвар Ғофуров: "Терма жамоамиз БААдан ҳар тарафлама кучли"
Ўзбекистон миллий терма жамоамизни 5 июнь куни сафарда БААга қарши жуда муҳим учрашув кутиб турибди.
Агар вакилларимиз мазкур ўйинда керакли натижага эриша олса, муддатидан илгари ўз тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритади. Шу сабабли ҳам ҳамманинг эътибори бўлажак баҳсга қаратилган.
Терма жамоамизнинг собиқ футболчиси Анвар Ғофуров эса БААга қарши ўйин олдидан айрим саволларга жавоб қайтарди.
- Анвар ака, терма жамоамизни меҳмонда БААга қарши жуда муҳим ўйин кутмоқда. Ижобий натижа биз учун мундиал эшикларини очади. Ўйин олдидан нима дея оласиз?
- Албатта, БААга қарши ўйин жуда муҳим. Нима бўлишидан қатъий назар, биз бу учрашувда фаворит деб ўйлайман ва мен терма жамоамизга 100 фоиз ишонаман. Худо хоҳласа, ижобий натижа бўлади ҳамда бизни халқимиз кутган кун ниҳоят келади.
- Хабарингиз бўлса керак, БАА термасида мураббий алмашди. Бу ўзгариш биз учун қандай таъсир кўрсатиши мумкин, деб ўйлайсиз?
- Албатта, ўзига яраша ўйинни бошида қанақадир озгина тушунмовчилик бўлиши мумкин. Лекин бизнинг мураббийлар штаб ва футболчиларимиз бўлажак вазиятни тезда тушуниб, тўғри кўрсатмалар билан ҳал қилишади, бунга ишонаман. Терма жамоамиз ҳар тарафлама рақибдан кучлироқ.
- Терма жамоамизда илгари ўйнагансиз ва маълум вақт мураббий сифатида ҳам ишлагансиз. Айтинг-чи, ҳозирги таркиб энг оптимал таркибми? Ёки сизнингча, яна кимдир таркибдан тушиб қолганми?
- Ҳозирги таркибимизни оптимал деб биламан. Бу таркибни энг катта плюси - рақобат бор ва у жуда кучли. Албатта, ушбу таркибга идеал бўлиши учун яна бир қанча футболчиларни қўшса бўлади.
- Рақибни кучли ва кучсиз тарафлари нимада, деб ўйлайсиз?
- Агар рақибимиз иккинчи рақам билан майдонга чиқса, бу қанақадир қийнчиликлар туғдириши мумкин. Агар БАА терма жамоаси очиқ футбол ўйнашга чиқса бизга мақсадимизга етишиш учун осонроқ бўлади, деб ўйлайман. БАА термасини ҳурмат қиламан. Аммо жамоаларни солиштирсак, бизнинг жамоа кучли.
- Ўйин олдидан шахсан сизда қандайдир хавотир йўқми? Масалан, чизиқлар бўйича, ҳакамлик ё бошқа жиҳатлар борасида...
- Хавотир йўқ. Терма жамоамизга ва ҳар бир вакилига ишонаман. Бу терма жамоамиз жаҳон чемпионатида иштирокчи бўлишига ишончим комил.
Фикрлар