Жавоҳир Қаҳрамонов "Нефтчи"га ўтгани ҳақида: "Ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсак, чемпионликни қўлга киритиш осонроқ кечади"
"Нефтчи" клуби билан шартнома имзолаган Жавоҳир Қаҳрамонов клуб матбуот хизматига берган кичик интервью берди. Уни қуйида батафсил ўқиб чиқиш имконига эгасиз.
- Жавоҳир, "Нефтчи"га ўтиш варианти қандай пайдо бўлди?
- Ассалому алайкум яна бир бор. Мени жамоага Виталий Григорьевич таклиф қилди. Ўз олдига юксак мақсадларни қўйган клубда ўйнаш албатта қизиқарли ва қувонарлидир. "Нефтчи"дек буюк жамоа сафида тўп тепиш ҳар қандай футболчи учун шарафли ҳисобланади.
- "Нефтчи" жамоасига қарши ўтган мавсумда жиззахликлар таркибида майдонга чиққансиз. Клуб сизда қандай таассуротлар қолдирган?
- Албатта, жамоа ўтган мавсумда анча кучли ўйин кўрсатди. Ҳар қандай рақибни енга олди ва сўнгги тургача медаллар учун курашди. Мана шу жиҳатлари ҳам клубга ўтишимга туртки бўлди.
- Жамоа бош мураббийи хақида қандай фикрларни билдира оласиз.
- Виталий Левченко хақида гапирадиган бўлсам, ўтган мавсумда ўзининг футболдаги қарашлари орқали унча-мунча клубларни ноқулай ахволга сола билди. Бежизга эмас, ҳозирги кунда ПФЛ томонидан Суперлиганинг энг яхши уч нафар мураббийи рўйҳатидан жой эгаллаганлиги мураббийнинг қандай салоҳиятга эга эканлигидан далолат беради.
- Клуб мухлисларига тилакларингиз?
- Ўйлайманки, янги мавсумда жамоа мухлисларини ёрқин ўйинларимиз орқали хурсанд қиламиз. Юксак марраларни забт этишда эса ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсак, чемпионликни қўлга киритиш йўлидаги мақсадимизга эришиш осонроқ кечади.
Фикрлар