Жавоҳир Синдаров Гукешга қарши баҳс ҳақида фикр билдирди
Номзодлар турнири ғолиби Жавоҳир Синдаров ChessBase India YouTube каналига берган интервьюсида Гукешга қарши бўлиб ўтадиган бўлажак баҳс ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди
— Кипрдан кейин йигирма кун ўтди. Ҳаёт қандай?
— Тошкентда дам оляпман, ҳаммасидан завқ оляпман. Буни жуда яхши кўраман. Президент билан учрашдим, ҳаммаси ажойиб ўтди. Ростини айтсам, бу вақт худди тушдек ўтди. Энди эса кейинги турнирга эътибор қаратишим керак. Бу осон эмас.
— Сиз "Меҳнат шуҳрати" медали билан тақдирландингиз. Бу қанчалик катта мукофот?
— Ҳа, бу энг катта мукофотлардан бири. Ростини айтсам, ўзим ҳам тўлиқ англаб етмадим. Лекин президентни кўриш ва ундан энергия олиш мен учун доимо ёқимли. Унинг қўллаб-қувватлашини ҳис қиламан — бу жуда муҳим. Медални қўлга киритиш ҳам албатта катта мотивация беради. Жуда бахтлиман.
— Айтишларича, сиз нафақат спортда, балки мамлакат иқтисодий ривожига ҳам ҳисса қўшгансиз.
— Ҳа, сўнгги икки-уч йилда Ўзбекистон шахмат соҳасида катта ишларни амалга оширмоқда. Ҳукуматимиз бизга жуда катта ёрдам бермоқда. Кучли шахматчиларни тайёрлашга эътибор юқори. Бу жуда муҳим. Мен бундан хурсандман ва миннатдорман. Олдиндаги турнирларда янада яхши натижалар кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бу йил Олимпиада ҳам бор — бу мамлакатимиз учун жуда муҳим. Шунингдек, АҚШ — Ўзбекистон учрашуви ҳам қизиқ ва жозибали бўлиши кутилмоқда.
— Ватанга қайтганингизда Нодирбек Абдусатторов билан бирга кўрдик.
— Ҳа, Нодирбек жуда яхши инсон. Мен ҳам уни ҳар бир турнирда қўллаб-қувватлайман. У менга Претендентлар турнири давомида ва ундан олдин ҳам ёрдам берган. У билан бир жамоада ўйнаётганимдан жуда хурсандман. Ўзбекистонда энг яхши жамоадошларим бор ва мен юртим номидан ўйнаётганимдан фахрланаман.
— Барча сиз ва Гукеш ўртасидаги партияни кутмоқда. Бу сиз учун қанчалик муҳим?
— Мен бундай партиялар ҳақида кўп ўйламайман. Чунки бу бошқа формат, бошқа шароит. Ўйлайманки, у ҳам худди шундай фикрда. Олдинда муҳим учрашувлар бор. Ҳозир эса фақат ушбу турнирга эътибор қаратиб, яхши ўйин кўрсатиш керак. Нима бўлишини олдиндан ўйламайман — шунчаки ўз ўйинимни кўрсатишга ҳаракат қиламан.

Фикрлар