ЖЧ-2022. Сенегал бош мураббийи: "Ҳафсаламиз пир бўлди"
Қатар мезбонлигида ўтаётган Жаҳон чемпионати 1-тури доирасида Нидерландия Сенегални 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Беллашувдан сўнг африкаликлар бош мураббийи Алиу Сиссе матбуот анжуманида иштирок этди.
"Ўйин жуда юқори савияда, қийин ва тенг курашлар остида ўтди. Ҳисоб беллашувнинг боришини акс эттирмайди. Гол урмадик, аммо имкониятларимиз яхши эди. Кейинги икки баҳсда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
Ҳафсаламиз пир бўлди, йигитлар кўп куч сарфлади ва камида дурангга лойиқ эди. Бу менинг айбим бўлса керак, чунки мураббий менман. Жамоа мағлубиятга учраса, мураббий айбдор дейишади. Футболда асосийси самарадорлик, агар гол урмасанг, ғалаба қозона олмайсан.
Қатарга қарши ўйин жуда қийин бўлади. Яхши тайёргарлик кўриб, ғалаба қозонишимиз лозим",-дейди Алиу Сиссе.
Фикрлар