ЖЧда олтин медаль олган таэквондочига МОҚ 30 минг АҚШ доллари ваъда қилди

15-19 май кунлари Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида таэквондо бўйича катталар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Токио Олимпиадасига қимматли энг йирик рейтинг очколарини тақдим этувчи мазкур мусобақа бутун спорт жамоатчилигининг эътиборида бўлиши табиий.

Ушбу жаҳон чемпионатига Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам пухта тайёргарлик кўришди. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон таэквондо ассоциациясида мусобақада иштирок этувчи спортчи ва мураббийларимиз билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раҳбарияти, спортчилар ва мураббийлар, Ўзбекистон МОҚ мутасаддилари иштирок этишди.

“Таэквондочиларимиз доимо юқори натижаларни қайд этиб келишган. Ишонамизки, сизлар ҳам бўлажак дунё биринчилигида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оласизлар. Бунинг учун Миллий Олимпия қўмитаси томонидан қандай ёрдам керак бўлса, биз сизларга яратиб берамиз. Шунингдек, мусобақада совриндор бўлган спортчиларга МОҚ алоҳида пул мукофотини ваъда қилади. Олтин медаль эгасига 30 минг, кумуш медаль соҳибига 20 минг ва учинчи ўрин эгасига 10 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади. Сизларни қўллаб-қувватлаш учун биз ҳам Манчестерга борамиз. Насиб қилса, биргаликда ёруғ юз билан қайтамиз”, – деди Умид Аҳмаджонов.

Мазкур жаҳон чемпионатида қуйидаги 12 нафар таэквондочимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилишади:

Эркаклар:
-54 кг: Валентин Хегай
-58 кг: Суҳроб Бобобеков
-74 кг: Никита Рафалович
-80 кг: Шуҳрат Салаев
-87 кг: Максим Рафалович
+87 кг: Дмитрий Шокин
Аёллар:
-49 кг: Мадинабону Маннопова
-53 кг: Чарос Қаюмова
-58 кг: Зария Қосимова
-62 кг: Феруза Содиқова
-67 кг: Нигора Турсунқулова
+73 кг: Светлана Осипова

Манба: olympic.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!