Жиддий мақсадларни кўзлаётган "Сўғдиёна" Туркияда кимлар билан ўйнайди?
"Мавсум-2025"ни 8-ўринда якунлаган Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби янги мавсум учун жиддий мақсадларни қўймоқда. Бош мураббий Иван Бошкович ўтган йилги хато ва камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда жорий йилги чемпионатга ҳар қачонгидан пухта тайёрланиш учун режалар ишлаб чиққан.
Клуб матбуот хизматининг хабар қилишича, 2026 йилги мавсумда юқори мақсадларни кўзлаган "Сўғдиёна" футбол клуби янги мавсумга пухта ва режа асосида тайёргарлик кўришни бошлади.
Мазкур жамоа қишки ўқув-йиғин машғулотларини бир неча босқичда ўтказиб, жисмоний ва тактик жиҳатдан тўлиқ шаклланишни мақсад қилган.
Тайёргарликнинг дастлабки босқичи 10–20 январь кунлари Жиззах шаҳрида ташкил этилади. Ушбу даврда футболчиларнинг умумий жисмоний ҳолатини тиклаш ва асосий юкламаларга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Шундан сўнг 21 январдан 20 февралга қадар жамоа Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-йиғин машғулотларини давом эттиради. Анталиядаги йиғин юқори интенсивликдаги машғулотлар, тактик ишланмалар ва рақобатбардош ўйинлар билан ажралиб туради.
Мазкур йиғин доирасида "Сўғдиёна" бир қатор хорижий жамоаларга қарши халқаро ўртоқлик учрашувларида майдонга тушади. Ушбу беллашувлар янги мавсум олдидан жамоанинг ўйин тизимини мукаммаллаштириш, футболчиларнинг мусобақа ритмига киришини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўртоқлик учрашувлари жадвали:
23 январь — Сўғдиёна - Спартак Суботика (Сербия)
29 январь — Сўғдиёна - Силекс (Македония)
1 февраль — Сўғдиёна - Челябинск (Россия)
4 февраль — Сўғдиёна - ФК Алтай (Қозоғистон)
10 февраль — Сўғдиёна - Рустави (Грузия)
13 февраль — Сўғдиёна - "Нижний Новгород" (Россия)
16 февраль — Сўғдиёна - Динамо Батуми (Грузия)
19 февраль — Сўғдиёна - ФК Факель (Россия)



Фикрлар