Жимми Жимми аажа аажа

Сарлавҳани ўқиб ҳайрон бўлгандирсиз. Ҳа, бу ўша машҳур ҳинд филми “Диско раққоси”даги қўшиқдан олинган. Бугун ким ҳақида гап кетишини тахмин қилгандирсиз.

“Челси”нинг бир пайтлардаги ёрқин ҳужумчиси ҳақида. Роман Абрамович лондонликлар раҳбарлигига келишидан олдинги жамоанинг етакчи футболчиси ҳақида. Бу футболчи – Жимми Флойд Хассельбайнк.

Jimmi

У йўқ жойлардан голларни пайдо қилар эди. Тўп Жиммига келиб тушиши билан уни ўзига мослаштириб, дарвоза томон йўналтирарди. Чап оёқми, ўнг оёқми унга фарқи йўқ эди. Жарима зарбалини ҳам у ҳайратомуз амалга оширар эди.

Хассельбайнк доимо диққат марказда бўларди. Майдонда доимо югурар, шериклари унга тўп узатиши учун қулай зона танлай олар, ўзи билан бир ёки икки рақибни эргаштириб юрарди.

“Диско раққоси” фильми нафақат Ҳиндистонда, балки бутун дунёда машҳур филмлардан бири бўлган. Шу жумладан, Нидерландиянинг собиқ колонияси бўлмиш, Суринамда ҳам. Суринамдаги Парамарибо кўчасида Жеррел исмли бола фақатгина тўп орқасидан югурмас, Митхун Чакрабортининг ҳаракатларини такрорлаб, рақс тушар эди. У Жиммининг мухлиси эди. Ҳамма уни Жеррел эмас Жимми деб чақирарди. Келажакда раққос бўлолмади. Аммо акаси Карлос сингари футболни танлади. Карлос Жеррелдан 4 ёш катта эди. “Алкмар” жамоасида заҳирадан майдонга тушарди. Голландияликлар Карлоснинг маҳоратига скептик қарашар эди. Тўпни дарвозадан 1 метр узоқликка қўйиб, дарвозабонни олиб қўйсак, ўшанда Карлос гол уриши мумкин дея унинг устидан кулишарди. Жамоадаги энг паст маош оладиган ҳам Карлос эди. Шундай бўлса ҳам у футболни яхши кўргани учун ҳаммасига чидарди. “Алкмар”га ўз укасини ўйинини бир кўришларини таклиф этди. Жимми жамоага қабул қилинди. Голландияда “Алкмар” ва “Телстар” жамоаларида тўп сурган футболчини Португалия жамоасига арзимас пулга сотиб юборишди. Суринамлик футболчи “Кампомайоренсе”да бомбардирлик қобилиятини кўрсатди. Кейин эса “Боавиште” жамоасида ёрқин ўйин намойиш этди. У ерда эса Жиммини “Лидс” скаутлари кузатаётган эди.

Футболчи Премьер-Лигада дарҳол гол уришни бошлади. Англиядаги илк мавсумида 26 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Кейинги мавсумда эса сал камроқ – 18 та гол урди. “Лидс” раҳбарияти футболчининг ҳамма талабларини қондирар эди. Ҳатто, унинг илтимосига кўра, юртдоши Клайд Вейнгардни ҳам жамоага олиб келишди. Мухлислар томонидан Жимми йил футболчиси сифатида эътироф этилди.

Голландияликлар ҳам бундай мўжиза қайердан пайдо бўлди дея ҳайрон қолишганди. Эредивизиеда ўзини кўрсата олмаган йигитча, уч йил ўтиб, бошқа мамлакатларда 70 та гол уришга эришди. Гус Хиддинк футболчини 1998 йилги Жаҳон чемпионатига олиб кетди. Таркибда Патрик Клюйверт, Деннис Бергкамп, Пьер ван Хойдонк, Марк Овермарслар бўлишига қарамасдан, Жиммига ҳам жой топилди.

Муваффақиятлар унинг бошини айлантириб қўйганди. “Лидс”га ўзининг янги шартларини қўя бошлади. Бу эса Мадриднинг “Атлетико” жамоасини эътиборини тортди. Унинг қилиқлари “Лидс”нинг ҳиқилдоғига келди ва футболчини сотишга қарор қилди. Мадридликлар футболчи учун 10 млн фунт тўлади ва Жимми Испанияга йўл олди. Испанияга “саёҳат” футболчи учун омадли кечмади. У мавсум давомида 33 та гол урди, аммо жамоаси Сегундага йўл олди. “Диско раққоси”га эса бу ёқмади.

“Челси” футболчи учун 15 млн фунт тўлади ва Жимми Англияга қайтди. Бу қайтиш унинг фаолиятидаги ёрқин хотираларни бошланиш нуқтаси эди. Ўша пайтдаги янги мураббий Клаудио Раньери футболчига ишонч билдирди. Жимми эса бу ишончни ўз голлари билан оқлади. “Барселона” футболчи учун жуда катта пул таклиф қилди. Аммо Жимми Лондонда қолишни маъқул топди.

Jimmi

“Челси”нинг хўжайини ўзгарди, ундан ташқари мураббий ҳам алмашди. Хассельбайнк ўзини ноқулай ҳис қила бошлади. Раньери ўрнини Моуриньо эгаллади. Жозега 32 ёшли Жимми эмас, ёш ва тезкор ҳужумчи керак эди. Футболчини “Мидлсбро”га сотиб юборишди. Шундан сўнг Жиммининг фаолиятида пасайиш кузатилди. “Мидлбро”дан сўнг “Чарльтон”, “Кардифф Сити” каби жамоаларда ўйнаган Хассельбайнк 36 ёшида фаолиятини якунлади.

Терма жамоадаги фаолияти ҳам кеч бошланиб, эрта тугади. Ўз мамлакатида ўтказилган Европа чемпионатига қатнашиши мумкин эди. Аммо таркибга чақирилмади. Бунда у мураббий Франк Райкардни айблади. Айблов сабаби – ирқчилик. Райкард ирқчиликда айбланди!

Фаолиятини якунлагач, Жимми мураббийлик билан шуғуллана бошлади. “Антверпен”да яхши ишлади. Кейин Англияга йўл олди. У ерда “Бёртон Альбион” жамоаси мураббийи бўлди. “ҚПР”да ҳам ишлаган Хассельбайнк ёмон натижалар қайд эта бошлади. “Нортгемптон Таун”даги фаолиятида ҳам мақтанишга арзийдиган натижа кўрсата олмади.

Jimmi

Ҳозирда Жимми мураббийликдан танаффус олган ва тўртта қизини тарбияси билан шуғулланяпти. Ундан ташқари акаси Карлоснинг ўғлига ёрдамини аямаяпти. Унинг ўғли “Аякс” ва “ПСВ” академиясида футбол сирларини ўрганди ва ҳозирда Исроил чемпионатида фаолиятини давом эттиряпти. Терма жамоада ҳам омади чопмади. Голландия эмас Суринам терма жамоасида тўп суряпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!