Жисмоний тарбия ва спорт вазири Андижонда бўлди

18-20 май кунлари Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов Андижон вилоятида хизмат сафарида бўлди.

Дастлаб 18 май куни вазир Қиличбозлик спорт мажмуаси фаолияти билан танишди ҳамда фаолият олиб бораётган раҳбар ва мураббий ходимлар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг ишини яхшилаш бўйича тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Шунингдек, Андижон шаҳрида янгидан барпо этилаётган “Универсал спорт мажмуаси”да олиб борилаётган қурилиш-тиклаш ишларининг бориши билан танишган вазир қурилиш жараёнида  спорт мажмуаси учун ишлаб чиқилган концепцияга тўлиқ риоя қилиниши юзасидан бош пудратчи ташкилот раҳбарлари билан суҳбатлашди.

19 май куни Шоакром Исроилов Андижон Олимпия захиралари коллежи фаолияти билан танишди. Жумладан, муассасада спорт машғулотларларини тўғри ташкил этиш, ўқувчиларнинг тўғри овқатлантирилиши юзасидан олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.

Шу куни Улуғнор туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида Андижон вилояти фаоллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида иштирок этди.

20 май куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вазир Бўз туманида бўлиб, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолияти билан танишди ҳамда спорт муассасаси фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан масъул ходимларга тегишли кўрсатмалар берди.

Шунингдек, хизмат сафари давомида вилоятдаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари рахбарларининг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, спорт муассасаларини спорт анжомлари билан таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!