Жиззахда тўполон. “Сўғдиёна” мухлислари нима талаб қилаётганини биласизми? (Видео)
Куни кеча барчанинг эътибор марказида бўлган Осиё кубогининг финали ҳам якунига етди. Равшан Ҳайдаров жамоаси бошқарувидаги U20 термамиз қитъада тенгсиз эканлигини кўрсатиб қўйди. Ўша куни футболимизда яна бир воқеа содир бўлди, аммо у чемпионлик фонида сезилмай кетди.
Ёрқин Назаров бошқарувидаги “Сўғдиёна” кетма-кет учинчи ўйинда ғалаба қозонишни уддалай олгани йўқ. Фарғонанинг “Нефтчи” клуби Зоминда ортиқча қийинчиликсиз ғалаба қозонди. Баҳс якунлангач, “бўрилар” ишқибозлари стадион атрофида жам бўлганча, клуб раҳбарларидан Улуғбек Бақоевни ортга қайтаришини талаб қилишди.
Қонақарсиз стартдан сўнг, стадион атрофида норозлигини билдирган ишқибозларни тушуниш мумкин. Улуғбек Бақоевнинг “Сўғдиёна”си ўз ўйин услуби билан исталган рақибни ҳисоблашишга мажбур этар, жамоа чинакамига “чақилмас ёнғоқ”қа айланган эди.
Ҳозир Ёрқин Назаровнинг 3 ўйинда 1 очко ишлаганини Жиззахликлар ҳазм қилиши деярли имконсиз. Ўтган мавсумда бу пайтга келиб “бўрилар” 7 очко билан турнир жадвалида биринчи поғонани 3 клуб билан бўлишиб турган эди.
Хўш, бу вазиятда Ёрқин Назаровнинг истеъфоси нимани ўзгартириши мумкин? Ҳеч нарсани, шу билан биргаликда барчасини! Бақоевнинг ортга қайтиши масаласи кун тартибидан ўрин эгалламаган. Клуб раҳбарияти Назаровга ишонч билдиришини бир неча бор таъкидлади. Мураббийни эса, оқлаб бўлмайди. У йиғинлардан сўнг жамоа тепасига келгани йўқ. У 2022-йилги мавсум сўнгида мураббий этиб тайинланди. Ўзи истаган футболчиларни рўйхатдан ўтказди, легионерларни танлади. Содда қилиб айтсак, баҳона излашнинг имкони йўқ.
Мураббий стартни омадсиз ўтказди. Илк турда “Бунёдкор”дан аламли мағлубият қабул қилинган бўлса, кейин бир киши кам бўлган “Олимпик” билан базор дуранг натижа қайд этилди. 3 турга келиб, “Нефтчи” бир бош баланд ўйнаб енгил ғалаба билан Фарғонага қайтиб кетди. Стадион атрофида жон холатда Бақоев фамилясини ҳайқариб айтётган ишқибозларни тушуниш мумкин. Улар, ўзлари ўрганган, рўпарасидаги клуб ким бўлишидан қатъий назар компрамисга бормайдиган қайсар “Сўғдиёна”га кўникиб қолган. Агар иш шу темпда кетса, Суперлигадаги илк истеъфо Жиззах томонларда содир бўлишининг эҳтимоли юқори. Ёки, раҳбарият охиригача Назаров томон бўлиб туришни уддалай оладими? Улуғбек Бақоев ортга қайтиши маслани бир қарашда тўлиқ ечиши мумкиндек, аммо бу иш деярли имконсиз даражага айланиб бўлган. Демак, кўникиш, ёки яна ҳаммасини қайтадан қуриш керак.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар