Жоэль Диас:Бектемир Мелиқўзиев учун Сергей Ковалёвни сўраганмиз
Мураббий Жоэль Диас машғулот жараёнида ўзини жароҳатлашга қодир бўлган, кучли зарба соҳибига дуч келди.
Диас Бектемир Мелиқўзиевнинг имкониятларини инобатга олган ҳолда, уни ҳозирги ўрнига нисбатан бир мунча кучлилар билан жанг қилишга тайёр, деб билади.
- Рио Олимпиадаси кумуш медаль соҳиби, 24 ёшли Бектемир амалдаги ва собиқ жаҳон чемпионлари учун ҳам муаммо бўла олади,- деди Диас.
Мураббий Диас ва Бектемирнинг менежери Вадим Корнилов “Golden Boy” промоутерлик компаниясига собиқ жаҳон чемпиони Сергей Ковалёвни рақиб сифатида беришларини сўраб буни амалда ҳам исботламоқчи бўлган эдилар.
"Бектемир ва унинг жамоаси бизга Ковалёвни сўраб мурожаат қилишганида, мен жиддий гапиряпсизларми?, деган эдим",- дейди “Golden Boy” компаниясининг жанглар ташкилотчилиги учун масъул Роберто Диас.
Ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиев боксда бир мунча тез кўтарилиб келаётган юлдуз бўлиб, Калифорниянинг Индио шаҳрини ўз уйидек кўради. Ковалёв бўйича ҳаракат самара бермади. Чунки ҳали у қадар ҳам машҳур бўлиб улгурмаган боксчи билан тушиш Ковалёвга ҳеч нарса бермасди. Aммо Диас жанг амалда бўлганида ҳам ким ғалаба қозонган бўлишини билади.
"Биз Ковалёв билан ҳоҳлаган вақтда жанг қилишимиз мумкин ва ишончим комилки, Сергей 6-раунддан у ёғига ўтмайди",-дейди Жоэль Диас.
Бектемир Мелиқўзиев 30 октябрь куни Aлан Кампа ( 17-5, 11 КО) билан жанг қилади.
"Кампа Бектемир учун қийин тест. 2 та кучли “Golden Boy” боксчилари ҳам Кампани муддатидан олдин мағлуб эта олмаган. Aгар, Бектемир ишонч билан уни мағлуб этса, уни келаси йил катта кечаларнинг асосий жанги кутиб туради. У ҳамма билан жанг қила олади. Рақиб ким бўлишини фарқи йўқ",- деди Роберто Диас.
Бир неча йиллардан буён ушбу бизнесда фаолият юритаётган бўлишига қарамай, Роберто Диас Бектемирнинг ҳар бир жангида пайдо бўладиган, янгидан-янги қобилиятлари борлигини яшириб ўтирмади. Бектемир шунчаки нокаутчи эмас. У ажойиб оёқ ҳаракатларига эга бўлган чапақай боксчи. Бектемир бирданига рақиб қаршисидан йўқ бўлиб қолади ва бошқа позициядан рақибига кучли зарба беради. Рақиби буни пайқаши мумкин, аммо ҳимояланишга ожиз қолади.
Шу сабабли ҳам Бектемир Мелиқўзиев ўрта осиёлик бошқа бир ўрта вазн чемпиони Геннадий Головкинни ҳам эслатиб юборади. Геннадий ҳам 42 жангидан 35 тасида рақибларини муддатидан олдин мағлуб этган.
"Бек сизни завқлантира олувчилардан биридир. У жуда ажойиб. У мухлислар истаган завқни яъни, нокаутни тақдим эта олади. У рингга жилмайиб қадам қўйишни ёқтиради", - дейди Роберто.
Бектемир 2019 йилнинг бошидан Индиода машғулот ўтказа бошлагандан буён, бир нечта ўзбекистонлик боксчилар билан истиқомат қилиб келмоқда. Гарчи, иқлими ва кўриниши Ўзбекистондан фарқ қилса-да, Индио у учун айни қулай жой эканини таъкидлайди. Шу билан биргаликда Бектемирнинг мураббийлар Жоэль ва Aнтонио Диаслар билан жуда яқин муносабатда бўлиши ҳам унинг профессионал бокс услубига мослашишига жуда яхши туртки бўлди. Бектемир ҳаваскор боксдаги 400 дан ортиқ жанглардаги тажрибага қўшимча равишда, ака-ука мураббийлар унга профессионал бокснинг сир-асрорини ўргатадилар.
"Биз бу ердаги муҳитдан мамнунмиз. Aнтонио менга акам, Жоэль эса ҳудди амаким каби ва улар инсон сифатида ҳам ҳурматга лойиқ... Мураббий сифатида эса мутлақо ўзгача, икки услуб ва бу менга айни керакли ҳолат”,- дейди Бектемир.
Жоэль олдин 5 карра жаҳон чемпиони Тимоти Бредли каби чемпионлар билан ишлагани, аммо уларнинг ҳеч бирида Бекники каби куч йўқлигини таъкидлайди. Ҳаттоки, Диаслар учун Бектемир билан рингда, “митт”ларда ( лапали қўлқоплар), тана зарбаларига ишлашнинг ўзи қийин. Бу каби машғулот сўнгида ҳар доимгидек тирсакларда оғриқ пайдо бўлади. Бу ишни кўпинча Aнтонио ўз зиммасига олиб, Жоэлнинг жонига оро киради.
Бектемир учун спарринг ҳамкорлар топиш ҳам қийин. Чунки, Бек уларни узоққа олиб бормайди. Кўпинча супероғир вазн тоифасидаги боксчиларни спаррингга олиб келинганида ҳам Бектемир уларнинг кучли зарбаси билан қулатаверган. Тўлиқ машғулотлар жараёнида ҳам спаррингларни мукаммал ўтказишни имкони йўқ. Чунки, унга кимни олиб келсангиз барчасини жонини оғритади.
Бектемир Мелиқўзийев Индио шаҳрида машғулотлар ўтказиб, жанглари орқали супер ўрта вазн рейтингида тобора юқорилаб бормоқда. “Top Rank” компанияси мижози ҳисобланган бошқа бир кучли боксчи Эдгар Берланжа 14 та жангининг барчасида рақибларини 1 раундда нокаутга учратган. Роберто Диас ижтимоий тармоқларда уни Бектемир учун яхши рақиб бўла олишини такидлаганида кўпчилик мухлислар бунга қарши фикр билдириб, Эдгар ҳали Бектемирга тайёр эмаслигини таъкидлашган эди.
"14-0 натижага эга боксчининг 5-0 кўрсаткичли чармқўлқоп устасига тажрибаси етмаслигини биринчи марта эшитишим. Бу мени хурсанд қилди, чунки бошқалар ҳам Бектемир аслида қандай эканлигини англашмоқда" ,- дейди Роберто Диас жилмайган ҳолда...
Жоэль Диас эса уни секин кўтаришдан маъни йўқлигини такидлайди. Ўзбекистонлик бошқа бир боксчи Муроджон Aҳмадалиев 8 та жанг билан аллақачон 2 йўналиш чемпиони. Исроил Мадримов эса, иккинчи жангида WBA International камарини қўлга киритган. Бектемир ҳам ҳаваскор боксда улар каби катта тажрибага эга.
"Кутадиган нима бор? У барчасини кўриб бўлган. Бу каби улкан ҳаваскор бокс тажрибасига эга боксчиларни ортга тортиб, уларни фаолиятини секинлаштиришдан фойда йўқ. Уларни тезроқ кўтариш керак. Бекор сарфлаш учун вақт йўқ."- дейди Жоэль.
"Мендаги барча тажрибалар ва олдинги жангларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, даражам ҳозирнинг ўзида жаҳон чемпионларини мағлуб этиш учун етарлик эканлигига ишонаман. Aгар, менга чемпионлик жанги беришганида, жанг қилган бўлардим. Барча чемпионлар ажойиб жангчилар, аммо мен бунга тайёрман." – дейди Мелиқўзиев мураббийига қўшимча қилиб.
Қолаверса Жоэль Диас канадалик собиқ жаҳон чемпиони Давид Ламию ва бошқа катта номларни Бектемир учун яқин келажакдаги эҳтимолий рақиблар, деб билади ва уларни ўз режасига киритган. Бир сўз билан айтганда, Жоэль ва Робертонинг Бектемирга бўлган ишончи жуда юқори.
“Бек жуда ўзгача ва биз ҳали энг яхши Бектемирни кўрганимиз йўқ”,- дея суҳбатни якунлади, Жоэль Диас.
Хориж нашридан Жалол Аҳмедов таржимаси
Фикрлар