Жозе Моуриньо кашф этган футболчилар! Улар кимлар?

Очиғини айтиш керак, Жозе Моуриньони ёқтирадиганлардан кўра уни хушламайдиганлар кўпчиликни ташкил этади. Бунинг сабаблари ҳақида тўхталиш шарт эмас. Аммо ҳар бир инсонда ижобий ва бунинг акси ўлароқ, салбий хусусиятлар учрайди.

Шунчаки, “Бошқача мураббий”да юқорида санаб ўтилган жиҳатнинг иккинчиси кўпроқ шаклланган. Лекин португалиялик мутахассисда ҳам ўзига яраша яхши сифатлар йўқ эмас. Акс ҳолда “Еврофутбол.ру” сайти орқали Моуриньо кашф этган ўйинчилар ҳақида тайёрланган материал ишқибозлар эътиборига ҳавола қилинмаган бўларди.

Ўзига хос рамзий терма жамоа

Ҳақиқатан Жозе Моуриньонинг ўзига хос мураккаб шахс эканлиги хусусидаги гап-сўзлар ўринли. У такаббур, худбин ва керак бўлса жуда жанжалкаш. Шунингдек, “Бошқача мураббий” ўйинчиларни сотиб олишни яхши кўришини-ю, лекин аксар ҳолларда уларни унутиб қўйиши кўпчиликнинг ғашига тегиши ҳам бор гап. Лекин сеу Жозе футбол оламига бир қанча ёш иқтидор эгаларининг кириб келишига бевосита сабабчи бўлган. Қуйида мана шундай ижрочилардан иборат ўзига хос рамзий терма жамоа билан танишиб чиқиш фойдадан ҳоли бўлмасди.

Дарвозабон

1. Антонио АДАН

Катта футболда дебютини ўтказган клуб: “Реал” (22 ёшида). Бугунги тўп сураётган жамоаси: “Атлетико” (32 ёшда).

2011 йилнинг февралида Икер Касильяс “Эспаньол”га қарши кечган ўйинда қизил карточка олганди. Шунда Жозе Моуриньо клубнинг учинчи посбони саналадиган Антонио Аданга ишонч билдирган. Ўз навбатида “Қироллик клуби” тарбияланувчиси билдирилган ишончни оқлайдиган ўйин намойиш этганди. Шу боисдан ҳам учрашувдан кейин Жозе Моуриньо ушбу шогирди ҳақида мана шундай илиқ фикрларни билдирган: “Адан бугун жуда яхши дебют қилди. Очиғи, унга ишонч билдирган чоғимда ижросида мана шундай ўйин кўраман, деб сира ўйламагандим. У икки устун оралиғида ўзини катта тажрибага эга бўлган футболчидек тутди. Аданни бу билан табриклайман”.

Шунинг учун бўлса керак, 14 йил давомида клуб тизимида бўлган бу йигит навбатдаги турда “Леванте”га қарши кечган ўйинда бошланғич таркибда майдонга туширилганди. Бироқ адолат юзасидан шуни айтиш керакки, 22 ёшли йигит кейинчалик ўзидан анча тажрибалироқ бўлган Икер Касильяс ҳамда Ежи Дудекка қарши рақобатда ютқазиб қўйган. Яна шуни қўшимча қилиш жоизки, Антонио Аданнинг фаолиятидаги энг яхши йиллар “Бетис”да ўтиб, у нақд 4 мавсум давомида севильяликлар жамоасининг асосий дарвозабони вазифасини бажарганди. 2018 йил ёзида у “Реал”нинг анг ашаддий рақибларидан бири саналадиган “Атлетико” томонидан юборилган таклифни қабул қилган. “Матрасчилар” жамоасида Адан словениялик ҳамкасби Ян Облакнинг ўринбосари вазифасини бажармоқда.

адан

Ҳимоячилар

2. Яфет ТАНГАНГА

Катта футболда дебютини ўтказган клуб: “Тоттенхэм” (21 ёшда). Бугунги тўп сураётган жамоаси: “Тоттенхэм” (21 ёшда)

Ҳимоя чизиғининг ўнг қанотида тўп суришга мослашган Яфет Танганга португалиялик мутахассис туфайли ўзини дунёдаги энг бахтиёр инсонлардан бири сифатида ҳис қилмоқда. Тўғри, Лондонда туғилган бу йигит “Шпорлар” академиясида тарбияланган ва ўтган йилнинг 24 сентябрида Маурисио Почеттино томонидан Англия Лига Кубоги доирасида “Колчестер Юнайтед” клубига қарши баҳсда профессионал футболдаги дебютини ўтказганди. Лекин Яфет кейинчалик ўйинлар қайдномаларига киритилмагани боис кўп вақтини захира ўриндиғида ўтказишга мажбур бўлди. Аммо “Тоттенхэм” рули Жозе Моуриньога топширилганидан сўнг Танганга АПЛдаги илк ўйинини ўтказиш имкониятига эга чиқди.

Эътиборлиси, португалиялик мураббий уни яққол пешқадам “Ливерпуль”га қарши кечган беллашувда майдонга туширишдан қўрқмади. Яфет Танганга ўша ўйиндан сўнг шундай баёнот берди: “Жанобдан жуда миннатдорман. У туфайли премьер-лигадаги дебютимни ўтказиш имконига эга бўлдим. “Босс” менга қаерда тўп суришни буюрса, ўша жойда ўйнашга тайёрман”.

танганга

3. Андреас КРИСТЕНСЕН

Катта футболда дебютини ўтказган клуб: “Челси” (18 ёшида). Бугунги тўп сураётган жамоаси: “Челси” (23 ёшда).

Даниялик истеъдодли ҳимоячини Жозе Моуриньо АҚШда ташкил этилган турне чоғида синовдан ўтказганди. Шу боис “Аристократлар” устози уни  2014 йил 28 октябрда Англия Лига Кубоги турнири доирасида “Шрусбери Таун” клубига қарши ўтказилган ўйинда бошланғич таркибда майдонга туширишга қарор қилган.

Тўғри, шимоллик футболчига “Челси”нинг асосий таркибидан жой олиш осон кечмаган. Одатда ёш футболчилар аксар ҳолларда ижарада тўп суриш орқали тоблаб олинади. Андреас Кристенсенда ҳам кейинчалик шундай вазият кузатилган. Уни икки маввсумга Мёнхенгладбахнинг “Боруссия” клубига ижара асосида тўп суришга бериб юборгандилар. Немис бундеслигасида анча тажрибасини оширган ҳимоячи “Челси”га қайтганидан сўнг бошланғич таркибда ўйнашга тайёрлигини исботлаб берди. Бугунги кунда Фрэнк Лэмпард қўл остидаги клубда даниялик ижрочи асосий роллардан бирини ўйнаб келмоқда. Лекин кутилмаганда олинган жароҳатлар Кристенсенга гоҳ-гоҳида панд бериб қўйяпти.

кристенсен

4. Рикарду КОШТА

Катта футболда дебютини ўтказган клуб: “Порту” (21 ёшида). Бугунги тўп сураётган жамоаси: “Боавишта” (38 ёшда).

Маълумки, Жозе Моуриньо “Порту”даги муваффақиятлари эвазига жаҳон футбол аҳли тан олган машҳур мураббий мақомига кўтарилганди. Ўша кезларда мутахассис қатор футболчиларга ўзини яхши томондан кўрсатиш имкониятини ҳавола қилган.

Жумладан, Рикарду Кошта ҳам “Аждарҳолар”нинг бошланғич таркибидан жой олиш учун ҳавола қилинган имкониятдан унумли фойдалана олганди. Шунинг эвазига футболчи 6 йил давомида “Порту”да тўп сурган бўлса, шу вақт оралиғида ички ва халқаро майдонларда катта муваффақиятларга эриша олган. Тўғри, бугунги кунда “қария” Кошта футболдаги охирги йилларини ўзи тарбиялаган “Боавишта”да ўтказмоқда.

кошта

5. Начо ФЕРНАНДЕС

Катта футболда дебют ўтказган клуб: “Реал” (21 ёшида). Бугунги тўп сураётган жамоаси: “Реал” (30 ёшда).

10 ёшида “Қироллик клуби” академиясига қабул қилинган Начо Фернандес Жозе Моуриньони жуда яхши кўришини ҳеч кимдан яширмайди. Чунки ҳимоя марказида тўп сурадиган бу футболчи 2011 йил 23 апрелида сеу Жозе туфайли “Реал”даги дебютини ўтказганди. Эътиборлиси, ўша куни “Қаймоқранглилар” “Валенсия” устидан 6:3 ҳисобида зафар қучишган. Начо Фернандес эса 90 дақиқа тўп сурганди. Айтиш жоизки, у кейинчалик асосий таркиб ўйинчиси бўла олишини исботлаш учун анча тер тўкишига мажбур бўлган.

начо

6. Давиде САНТОН

Катта футболда дебютини ўтказган клуб: “Интер” (18 ёшида). Бугунги тўп сураётган жамоаси: “Рома” (29 ёшда).

Италиялик универсал ҳимоячи катта футболдаги фаолияти муваффақиятли чиққанди Моуриньонинг ҳиссаси кўп бўлганини тез-тез таъкидлаб ўтади. Ўзининг эслашича, Жозе уни илк бор “Интер” ўринбосарлари сафидаги учрашувда диққат билан кузатишга киришган. Бунинг натижасида 2009 йил 21 январда Сантон Италия Кубоги доирасида “Рома”га қарши ўтган беллашувда профессионал футболдаги дебютини нишонлаган. “Нерадзуррилар”нинг ғалабаси билан ниҳоясига етган учрашувдан сўнг португалиялик мураббий бу шогирдини  аста-секинлик билан бошланғич таркибга жалб этишга тушган.

Ўзингизга яхши маълум, 2009-10 мавсумда “Интер” олтин хет-трикни қайд этиб, “А” серия ғолиблиги ва Италия Кубогидан ташқари Чемпионлар лигасида ҳам зафар қучганди. Ўша унутилмас мавсумда Сантон ҳам асосий фигуралардан қолишмаган даражадаги роллардан бирини ижро этиб берганди. Бунинг қарангки, “Бошқача мураббий” кетганидан сўнг Давиде дастлаб “Чезена”га ижарага бериб юборилган, кейинчалик эса “Ньюкасл”га сотиб юборилганди. Англияда тажрибасини оширган ҳимоячи дастлаб “Интер”га қайтарилган бўлса, уч мавсумдан сўнг “Рома”га пуллаб юборилган.

сантон

Ярим ҳимоячилар

7. Скотт МАКТОМИНЕЙ

Катта футболда дебютини ўтказган клуб: “Манчестер Юнайтед” (21 ёшида). Бугунги тўп сураётган жамоаси: “Манчестер Юнайтед” (23 ёшда).

“МЮ” академиясида тарбияланган Скотт Мактоминейнинг 16 ёшга қадар ҳужумчи сифатида тўп сурганини кўпчилик билмаса ҳам керак. Аммо Жозе Моуриньо “Қизил иблислар”га устозлик қилиб юрган кезларида ундан яхши марказий ярим ҳимоячи чиқишига ишонч ҳосил қилганди. Кўриб турганингиздек, Моур янглишмаган экан. Эътиборлиси, Скотт то ҳозирга қадар фаолиятида асосий саҳифа очилишига сабабчи бўлган устози билан  алоқани сақлаб қолган.

мактоминей

8. Рубен ЛОФТУС-ЧИК

Катта футболда дебютини ўтказган клуб: “Челси” (18 ёшида). Бугунги тўп сураётган жамоаси: “Челси” (24 ёшда).

Болалик чоғидан “Челси” тизимига жалб этилган Рубен ҳам Моуриньо туфайли катта футболдаги дебютини ўтказишга муваффақ бўлган. Эътиборлиси, португалиялик машҳур мутахассис уни Чемпионлар лигаси доирасида “Спортинг”га қарши ўтказилган ўйин охирида майдонга туширишдан чўчимаганди. Айтиш ўринлики, Рубен Лофтус-Чик катта футболдаги илк устозини танқидчилардан зўр бериб ҳимоя қилиб келади.

Жумладан, у интервьюларидан бирида Моуриньо ҳақида мана шундай илиқ фикрларни билдирганди: “Ким нима деса деяверсин-у, мен учун Жозе Моуриньо энг яхши мураббийдир. Қаерда кўрсам, албатта унинг қўлларини сиқиб қўйишни ўзимга одат қилиб олганман. Ахир жаноб туфайли катта футболдаги илк қадамларимни ташлаганман”.

лофтус чик

9. Хесе РОДРИГЕС

Катта футболда дебютини ўтказган клуб: “Реал” ( 18 ёшида). Бугунги тўп сураётган жамоаси: “Спортинг” (27 ёшда).

Хесе Родригес “Реал” академиясининг тарбияланувчиси ҳисобланади. 2011 йил ёзида Жозе Моуриньо ёш ярим ҳимоячини мавсумолди турнесига олиб кетганди. Ўша кезларда  маҳаллий журналистлар Хесени “Қироллик клуби” академиясидан чиққан энг зўр тарбияланувчи деб ҳисоблаб, уни Криштиану Роналду ва Неймарга таққослашга тушгандилар. Ўз навбатида у сеу Жозенинг ишончини оқлашга зўр бериб киришиб кетганди.

Аҳамиятлиси шундаки, Хесе Ла Лигадаги илк голини “Эль классико” чоғида “Барселона”га қарши сафарда кечган ўйинда урган! Португалиялик мутахассисдан сўнг Зинедин Зидан ҳам анчагача ушбу ярим ҳимоячига ишонч билдирганди. Буни қарангки, эрта келган машҳурлик ва мураббийларнинг ишончи туфайли Хесе кутилмаганда юлдузлик касалига чалиниб қолган. Бунинг натижасида ярим ҳимоячининг катта футболдаги бинойидек кетаётган ишлари салбий томонга юз тутди. Аввалига Хесени 25 миллион евро эвазига ПСЖга сотиб юбордилар. Лига 1 гранди сафида ўтган дастлабки ярим йилда испаниялик ижрочи бор-йўғи бир марта майдонга тушди холос. Кейинчалик ярим ҳимоячи ижарага бериб юборилди. “Спортинг”дан жой олгунга қадар Хесе Родригес худди мана шундай шарт асосида “Лас-Пальмас”, “Сток Сити” ва “Бетис”да тўп сурган.

хесе

10. Денис ЧЕРИШЕВ

Катта футболда дебютини ўтказган клуб: “Реал” (21 ёшида). Бугунги тўп сураётган жамоаси: “Валенсия” (29 ёшда).

2013-14 мавсумда Денис Черишев “Севилья” таркибида Европа Лигасида зафар қучганди. Бунинг қарангки, 2015-16 мавсумда россиялик ярим ҳимоячи “Реал” таркибида Чемпионлар лигасида ғалаба қозонган. Албатта, ишқибозлар Черишевнинг “Реал”даги дебюти 21 ёшида юз берганини яхши эсласалар керак.

Англаб турганингиздек, Денис кейинчалик ижара асосида “Севилья”га кўчиб ўтганда Европа Лигасидаги ғалабани нишонлаганди. Сўнгра у “Қироллик клуби”га қайтарилган ва юқорида эсга олиб ўтилган ЧЛдаги катта муваффақиятни тантана қилган. Бироқ Денисга бошланғич таркибдан жой олиш насиб этмаган. Шу боис уни навбати билан “Вильярреал” ҳамда “Валенсия” клубларига ижарага бериб юборганлар. Кейинчалик эса “Кўршапалаклар” Черишевни бутунлай сотиб олганлар.

черишев

Ҳужумчи

11. Альваро МОРАТА

Катта футболда дебютини ўтказган клуб: “Реал” (17 ёшида). Бугунги тўп сураётган жамоаси: “Атлетико” (27 ёшда).

“Моуриньода зўр характер бор, - деганди Альваро Мората “Реал”даги дебютини ўтказганидан кейин. – У клуб академияси тарбияланувчиларига бефарқ эмас. Аксинча, Жозе бундай йигитлар учун жуда қайғуради. У туфайли 17 ёшимда “Реал” билан профессионал шартнома имзоладим ва дебютимни ўтказиш имкониятига эга чиқдим”. Юқоридаги фикрларнинг ўзиёқ Моратанинг Моуриньо ҳақидаги қарашлари қандай эканлигидан далолат беради. Энг асосийси, у “Бошқача мураббий”нинг шарофати билан ҳамма танийдиган ўйинчи даражасига кўтарилган.

мората

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!