Кадир Далкиран: "Эҳтимол, ўзбекистонлик жангчи билан UFCда тўқнаш келармиз"

  • 19 октябрь, 2021, 09:52
  • 0
  • MMA

22 октябрь куни пойтахтимизда Маҳмуд Мурадовга тегишли бўлган, "Muradov_professional_Liga” промоушени ўзининг илк турнирини ўтказади. Ушбу жанг кечасида бир қатор ўз номига эга бўлган ММА вакиллари октагонга кўтарилади. Жумладан, Туркияда анчагина машҳурликка эришган Кадир Далкиран ҳамюртимиз Жаҳонгир Нажмиддинов билан жанг қилади.

Ҳозирда юртимизда бўлиб турган ушбу турк жангчиси билан боғланиб, қисқача суҳбатда бўлдик.

- Ассалому алайкум. Ўзбекистонга хуш келибсиз!

- Ўзбекистонга келганимдан жуда хурсандман. Кўпдан буён юртингизга ташриф буюриш ниятида эдим. Бироқ, ҳеч имконияти бўлмаётганди. Ва ниҳоят, бу орзуим амалга ошди. Қувонарлиси, Ўзбекистоннинг энг кучли промоушенига айланиши мумкин бўлган, "Muradov_professional_Liga”да ҳам жанг қиламан.

- Биламизки, Туркияда анчагина машҳурликка эришгансиз. Муболаға бўлмаса, энг олди жангчилардансиз. Аммо, Ўзбекистонда сизни яхши танишмайди, десак янглишмаган бўламиз. Келинг, ўзингиз ҳақингизда бироз маълумот берсангиз?

- 1998 йил Туркиянинг Ялова шаҳрида таваллуд топганман. 2014 йилдан буён ММА бўйича жангларда иштирок этиб келмоқдаман. Ҳаваскор ММА йўналишида 7 марта Туркия чемпионлигига сазовор бўлдим. Бундан ташқари, кикбоксинг бўйича 5 карра, муайтай йўналишида 4 маротаба Туркия чемпионлигини қўлга киритганман. Ҳаваскор ММА бўйича жаҳон чемпиони бўлишга ҳам эриша олдим.

- "Muradov_professional_Liga”сида жанг ўтказишингиз қай тарзда амалга ошди? Фаолиятингизда икки йиллик танаффусдан сўнг, ўзингизни қанчалик жангга тайёр, деб ҳисоблайсиз?

- Матбуот анжуманининг ўзидаёқ, бу лиганинг қанчалик эътиборли эканини ҳис қилдим. Дарҳақиқат, Маҳмуд Мурадов бу турнир учун энг яхшиларини танлаган. Бу лига узоқ вақт иштирокчилар ва мухлислар учун унутилмас жангларни тақдим этади. Энди, бу промоушенда жанг қилишимга акамдек бўлиб қолган инсон, ҳам дўстим юртдошингиз Санжар Исанов сабаб бўлди. Биз узоқ йиллик қадрдон бўлганимиз учун Санжар ҳар доим Ўзбекистонда жанг қилишимни хоҳлар эди. Тўғри, мен икки йил танаффус қилдим. Бунинг сабаби бу йиллар мобайнида ҳарбий хизматга чақирилган эдим. Қолаверса, моддий тарафдан келган таклифлар мени қониқтирмади. Энди эса туркиялик машҳур тадбиркор Ўзгувен оиласи кўмагида исталган лигада жанг қилиш имкониятим пайдо бўлди.

каддир2

- 22 октябрь кунги рақибингиз аниқ бўлди. Сиз ўзбекистонлик ёш иқтидор эгаси Жаҳонгир Нажмиддинов билан тўқнаш келасиз. Мезбонлар вакили билан жанг қилиш ортиқча босим юкламайдими?

- Албатта, ноқулай рақибга қарши жанг қиламан. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим лозимки, Ўзбекистон ҳамда Туркия қардош мамлакатлар ҳисобланади. Бизнинг қардошлигимиз минг йилларга бориб тақалади. Бу спорт ва спортда шундай ҳолатларнинг кузатилиши табиий ҳолат. Рақибимга эса омад тилаб қоламан. Ўйлайманки, жангни юксак тарзда ўтказамиз.

- "Muradov_professional_Liga”да кўзлаган мақсадингиз қандай ва агар, ғалаба қозонсангиз фаолиятингизни ушбу лигада давом эттирасизми?

- Шубҳасиз бу лигада ўзимнинг режаларим мавжуд. Бу мавзуни мураббийларим билан маслаҳатлашган ҳолда қарор қабул қиламан. Шуниси аниқки, бу промоушен мен учун жаҳоннинг энг нуфузли UFC, Bellator, ONE Championship промоушенларига йўл олишим учун зинапоя вазифасини ўтайди.

- Умуман ўзбекистонлик ММА вакилларини жангларини кузатганмисиз?

- Ҳар доим ҳам кузатиб боришга имкон ва вақт бўлмайди. Аммо менга яқин услубда жанг қилувчи Рамазон Темировни жангларини қизиқиш билан томоша қилиб борганман.

каддир1

- "Muradov_professional_Ligaси билан шартнома тузганлигингизни инобатга олган ҳолда, эҳтимол Рамазон Темиров билан жангингиз бўлиши мумкиндир?

- Мен ҳеч қачон рақиб танламаганман. Рамазон жуда яхши жангчи ва унинг ҳаракатлари тобора жозибали кўриниш олмоқда. Менга қолса, у билан жанг қилишни хоҳламаган бўлардим. Айтиб ўтганимдек, биз қардош ва қондош миллат вакилларимиз. Балки келажакда ушбу юртдошингиз билан UFCда рўбарў келармиз. Барчасини вақт кўрсатади.

- Вақт ажрата олганингизда ва илиқ қарши олганингиз учун раҳмат!

 - Сизларнинг эътиборингиздан ҳам миннатдорман. Насиб қилса, қўлдан келганича чиройли жанг ўтказамиз, деган умиддаман. Шу ўринда айтиб ўтишим лозимки, бу турнирдан йиғилган маблағлар болалар уйига ажратилар экан. Бу хайриянинг бир парчаси эканлигимдан жуда хурсандман. Ўзбек спорти ишқибозларига эса айтар сўзим, мени бегона эмас, ўз яқинлари сифатида қабул қилишса мамнун бўлардим. Ҳаммага омад. Ҳурмат билан, Кадир Далкирон!

Маълумот учун, Кадир Далкиран профессионал фаолияти мобайнида 5 та жанг ўтказган ва уларнинг 3 тасида ғалаба қозонган. Икки маротаба очколар ҳисобида мағлубият ёзилган. Асосан ўта енгил (57-61 кг) вазн тоифасида октагонга кўтарилади. У Россиянинг машҳур ACB (ҳозирги АСА) промоушенида ҳам икки бор жанг ўтказганлигини айтиб ўтиш лозим.

кадир далкрон

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!