Камолиддин Мурзоев: Ҳеч ким бизга ишонмаганди, "Пахтакор" ўша пайтда ҳам кучли эди

“Пахтакор” клуби Ўзбекистон кубоги финалида АГМКни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратганидан кейин собиқ футболчи Камолиддин Мурзоев ўзининг фейсбук ва инстаграмдаги саҳифаларига 2018 йилги финалда АГМКнинг “Пахтакор” устидан қозонган ғалабасидан эсдалик бўлган суратни жойлади. Чунки ўшанда Мурзоев АГМК сафида тўп сурган ва “Пахтакор”нинг мағлуб этилишига ҳисса қўшганди. Камолиддин бу борада sports.uz мухбирига қуйидагиларни айтди:

- “Пахтакор” – АГМК ўйинини кўрганимдан сўнг, олдинги хотиралар ёдимга тушди ва 2018 йилдаги ғалабамиздан эсдалик бўлиб қолган суратни инстаграмдаги саҳифамга жойлагандим. Менинг футболчиликдаги фаолияти катта ютуқ билан хотима бўлди, десак бўлади.

Ўша учрашувни эслайдиган бўлсак, кўпчилик ғалаба қозонишимизга ишонмаганди. “Пахтакор” ўша пайтда ҳам кучли жамоа эди. Бизнинг ўйинларимиз эса барқарор давом этмаётганди. Ҳаттоки, чемпионатда қолиш учун ўтиш ўйинида ҳам иштирок этганмиз. Лекин ўша маҳалда яхши жамоа тузилганди, футболчиларнинг бир-бирига ишончи юқори бўлган.

Гарчи бизга ишонишмаса ҳам, ўшанда ўйиндан бир кун олдин поездда Фарғонага етиб борганимизда йўл-йўлакай гаплашиб, жамоамиз учун чемпионлик футболкаларини тайёрлаганмисизлар, деб раҳбариятдан сўрагандик. Натижада чемпионлик футболкалари ўйин куни етказиб келинганди.

Умуман, яхши хотиралар билан эсда қолган. Бу йилги финал ҳам чиройли ўтди. Айниқса, майдоннинг ҳолати ажойиб эди. Ўзбекистон чемпионатида биринчи марта ВАР тизими финалда қўлланилди. Жамоалар эса ўйинга оптимал ҳолатда етиб келишди. Миржалол Қосимов шогирдларини икки йилдан бери финалга етиб келаётганини ўзи АГМКда барқарорлик борлигидан, тўғри йўналишда иш олиб борилаётганидан далолат. “Пахтакор” эса ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистоннинг гранд клуби. Ўйинда ҳам буни исботлашди. Декабрь ойининг бу санасида мухлислар яхши футбол томоша қилишди, - дейди Мурзоев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!